Дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпионлигига эришган, ёзги Олимпия ўйинларида уч марта совриндорликни қўлга киритган Ришод Собиров Ўзбекистон сумо федерацияси раисининг ўринбосари сифатида иш бошлади.

Ортда қолаётган йил мамлакатимизда янгидан фаолиятини бошлаган Ўзбекистон сумо федерацияси учун ўзига хос юксалиш даври бўлди.
Куни кеча йил сарҳисобига бағишланган йиғилишда ўзбекистонлик сумочилар жорий йил давомида Россия ва Японияда ўтказилган халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этгани, Тошкент шаҳри, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида сумо машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилгани эътиборли бўлгани таъкидланди.
Ўзбекистон сумо федерацияси раиси Камол Усмонов олиб борган тадбир жараёнида 2026 йил режалари кўриб чиқилди.
Хусусан, келаётган йилнинг январь ойида сумо бўйича Ўзбекистон чемпионатини ўтказиш, февраль ойида Японияда ўтадиган “ХАКУХО КУП” халқаро турнирига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда ташкилий қўмита аъзоларининг овоз бериши натижасида дзюдо бўйича Олимпия ўйинларининг уч карра совриндори, жаҳон чемпиони Ришод Собиров Ўзбекистон сумо федерацияси раиси ўринбосари, Дилмурод Қурбонов раиснинг биринчи ўринбосари лавозимларига сайланди.
Т.Рўзиев, ЎзА