Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик спортчилар Бокуда, озарбайжонликлар Тошкентда машғулот ўтказади
15:10 / 2023-08-20

Нуфузли спорт мусобақаларига тайёргарлик жараёнлари турли ракурсларда олиб борилиши кейинги йилларда одат тусига кириб бормоқда.

Айниқса, хорижий мамлакатларнинг терма жамоалари билан ўтказиладиган қўшма машғулотлар, бир нечта терма жамоалар иштирокидаги халқаро йиғинлар янгича босқичга чиққани мусобақаларда совринли ўринларни эгаллашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода Ўзбекистон ва Озарбайжон спорт терма жамоаларининг икки томонлама манфаатли ҳамкорлик алоқалари, қўшма машғулотлар ўтказиш борасидаги келишуви асосида ташкил этилаётган ўқув-йиғинлари маҳоратли спортчиларни камолга етказишга хизмат қилмоқда.

Келишувга биноан жорий йил август ойининг учинчи ўн кунлигида бир қатор спорт турлари бўйича терма жамоалар Озарбайжон ва Ўзбекистонда ўтказиладиган қўшма машғулотларда қатнашади.

Мамлакатимизнинг бокс, оғир атлетика, дзюдо бўйича ёшлар терма жамоалари август ойининг сўнгги кунларига қадар Озарбайжон терма жамоалари билан ҳамкорликдаги машғулотларда қатнашса, Озарбайжоннинг гандбол ва волейбол терма жамоалари Тошкентдаги машғулотларда қатнашади.

Куни кеча бокс, оғир атлетика, дзюдо бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари аъзолари қўшма машғулотларда қатнашиш учун Бакуга етиб борди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Ҳикмат Тошматовнинг билдиришича, ҳамюртларимизни Озарбайжон спорт мутасаддилари, қардош халқ спорт ихлосмандлари муносиб кутиб олган.

Режага кўра, Бокудаги қўшма ўқув-машғулот йиғинлари 21 августдан бошланади ва 31 августга қадар давом этади.

Машғулотлардан олдин спортчиларимиз Бокунинг тарихий ва замонавий қиёфаси билан танишмоқда.  Шунингдек, Озарбайжон пойтахтида ўқ отиш спорти бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионати мусобақаларини кузатишади.  

Ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Бекзод Хидировнинг айтишича, Озарбайжон ўсмирлар терма жамоаси билан кечадиган қўшма машғулотларга 22 августдан киришилади.  

Тошкентда ўқув-машғулот йиғинини ўтказадиган Озарбайжон гандбол терма жамоаси кеча Ўзбекистонга етиб келган бўлса, волейболчилар эртага Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинади.

Озарбайжон спорт жамоаларининг Ўзбекистонда кечадиган қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ҳам 31 августга қадар давом этади.  

Т. Рўзиев, ЎзА