Боку шаҳрида Озарбайжон Республикаси Ижтимоий тадқиқотлар маркази (СРС) ҳамда Истанбул университетининг Ҳуқуқ факультети ҳамкорлигида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Маълумки, Озарбайжон Республикасида 2025 йил “Конституция ва суверенитет йили” деб эълон қилинган. Давлат мустақиллиги, миллий ўзлик ва ҳуқуқий давлатчилик тамойилларига бўлган чуқур ҳурмат ва садоқатнинг ифодаси бўлмиш ушбу ташаббус Конституциянинг давлат ва жамият ҳаётидаги беқиёс ўрнини яна бир бор эслатиб, ҳуқуқий маданиятни мустаҳкамлаш, фуқаролик масъулиятини ошириш ва миллий рамзларга нисбатан фахр туйғусини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
“ХХI асрда давлат суверенитети ва миллий конституциялар: глобал чақириқлар, тенденциялар ва истиқболлар” мавзусига бағишланган мазкур нуфузли тадбирда 19 та мамлакатдан келган ҳуқуқшунос, социолог ва сиёсатшунос олимлар қатнашдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, миллий ўзлик ва давлатчилик концепцияси асосида Озарбайжон ва Ўзбекистон Конституцияларини социологик таҳлил қилиш долзарб аҳамиятга эга. Ҳар икки мамлакатнинг бош қомусида оила, маданият ва тил энг юксак қадриятлар сифатида алоҳида эътироф этилган. Зеро, улар давлат барқарорлиги ва жамиятнинг маънавий қудратини белгиловчи асосий омил ҳамда бугунги ва келажак авлодни боғловчи мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда бир гуруҳ ўзбекистонлик профессорлар ҳам фаол иштирок этиб, ташкилотчиларга самарали мулоқот ва ўзаро тажриба алмашиш имконияти учун миннатдорлик билдирдилар.
ЎзА