Келаётган 2024 йилнинг энг муҳим комплекс спорт мусобақаларидан бири Жанубий Кореянинг Кангвон ҳудудида ўтадиган IV ўсмирлар қишки Олимпия ўйинлари ҳисобланади.
Осиё қитъасида илк бор ўтадиган мазкур комплекс мусобақаларда дунёнинг 1900 нафар спортчиси қишки Олимпия ўйинларининг янги чемпион, юлдузлари бўлиш учун 15 та спорт турининг совринли ўринлари учун кураш олиб боришади.
Ўсмирлар қишкиОлимпия ўйинлари кўплаб ёш спортчилар учун жаҳон спорт саҳнасидаги илк комплекс мусобақа эканлиги билан аҳамиятлидир.
Мусобақаларда 81 та Олимпиада унвонлари учун кураш кечади. Ўғил ва қиз болалар 34 тадан мусобақалар тизимида иштирок этиши ўсмирлар Олимпиадасида гендер тенглик таъминланганлигидан далолат беради дейиш мумкин.
Хўш, мамлакатимиз вакиллари ушбу қишки Олимпия ўйинларига қай тарзда ҳозирлик кўрмоқда? Ўтган давр мобайнида бу борада қандай тайёргарлик ишлари амалга оширилди?
Айтиш лозим, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 1 июлдаги «2026 йил Милан ва Кортина-дЪАмпеццо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, маҳоратли спортчиларни танлаш, уларга етарли шарт-шароитлар яратиш борасида зарур масалалар ҳал этилди.
Айнан Жанубий Кореяда 19 январь –2 феврал кунлари бўладиган IV ўсмирлар қишки Олимпия ўйинлари яна икки йилдан сўнг Италия муз майдонларида катталар ўртасида ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Ўтган даврда тайёргарлик ҳолатларини таҳлил қилиш, спорт федерацияларига, терма жамоаларга, алоҳида спортчиларга методик ёрдам кўрсатиш, миллий терма жамоаларнинг қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик ҳолати бўйича асосли таклифлар ишлаб чиқилди.
Қишки спорт турлари бўйича нуфузли халқаро спорт ўйинларига тайёргарлик кўриш юзасидан миллий терма жамоа таркибини шакллантириш, узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш ҳамда муҳим рейтинг очколари тақдим этувчи спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Якунланаётган йилининг сентябрь – декабрь ойларида тоғ чанғиси спорт тури бўйича миллий терма жамоа аъзолари Италия ҳамда Австрия давлатларида қимматли рейтинг очколарни тақдим этувчи спорт мусобақаларида иштирок этиб, якунда 2024 йил Корея Республикасининг Кангвон шаҳрида ўтадиган IV ўсмирлар қишки Олимпия ўйинларига 2 та йўлланмани қўлга киритди.
– Давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлар туфайли мамлакатимиз спортчиларидан 16 ёшли Сабина Режепова ва Рауан Раимқулов Италияда ўтказилган саралаш мусобақаларида Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганлиги юртимиз қишки спорт турлари тарихида юксак натижа бўлди. Спортчиларимиз уч ойдан ошиқ вақт мобайнида Европанинг қатор шаҳарларида ўтган ўқув-машғулот йиғинларида, назорат мусобақаларида мураббийлари Сафар Эгамбердиев бошчилигида иштирок этишди, – дейди Ўзбекистон тоғ чанғи федерацияси бош котиби Андрей Воронов.
Дунёнинг маҳоратли ўсмир спортчилари иштирок этиши кутилаётган қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сабина Режепова ва Рауан Раимқулов мураббий Сафар Эгамбердиев етакчилигида Жанубий Кореяга йўл олди.
Улар IV ўсмирлар қишки Олимпия ўйинлари бошлангунга қадар мусобақалар бўлиб ўтадиган Жанубий Кореянинг Кангвон ҳудудида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА