Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро немис тили олимпиадасида иштирок этади
21:27 / 2026-02-06

Тошкент шаҳридаги Гёте институтида бугун Халқаро немис тили олимпиадасининг (IDO) Ўзбекистон Республикаси бўйича якуний саралаш босқичи бўлиб ўтди. Унда вилоят олимпиадаларида 1-ўринни қўлга киритган 9–10 синф ўқувчилари ҳамда уларнинг немис тили ўқитувчилари иштирок этди.

Мазкур саралаш босқичи Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир давомида иштирокчилар немис тили бўйича ўз билим ва кўникмаларини намоён этиб, халқаро босқичга йўлланма олиш учун беллашди.

Саралаш якунларига кўра, Самарқанд вилоятидан 16 ёшли Маржона Ибадулаева A2 даражаси бўйича 1-ўринни, Урганч шаҳридан 17 ёшли Олимбек Бахтиёров эса B1 даражаси бўйича 1-ўринни қўлга киритди. Ушбу икки нафар иқтидорли ўқувчи Германиянинг Маннхайм шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро немис тили олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.

[gallery-27527]

Халқаро немис тили олимпиадаси 2026 йил 13–22 июль кунлари Германиянинг Маннхайм шаҳрида «Тил ва маданият орқали бирлашайлик» шиори остида ўтказилади. Унда дунёнинг 55 та давлатидан 110 га яқин ўқувчи иштирок этиши режалаштирилган.

Мазкур нуфузли танлов немис тилини ўрганаётган ўқувчилар учун энг йирик халқаро мусобақалардан бири ҳисобланади. Беллашувлар A2, B1 ва B2 даражаларда ташкил этилиб, 14–17 ёшдаги ўқувчилар ўз билим ва иқтидорларини намоён этади. Ҳар бир давлатдан икки нафар ўқувчи ва бир нафар ҳамроҳ ўқитувчи қатнашиши мумкин.

Халқаро немис тили олимпиадаси нафақат билим синови, балки маданиятлараро мулоқот ва дўстликни мустаҳкамловчи халқаро майдон бўлиб, ёшлар учун немис тилини чуқурроқ ўрганиш, хорижий тенгдошлар билан тажриба алмашиш ҳамда Ўзбекистон номини халқаро миқёсда муносиб ҳимоя қилиш имкониятини яратади.

Ҳамроз Баянов, ЎзА