Ўзбекистонлик мутахассислар Параосиё ўйинлари семинарида қатнашди
Япониянинг Нагоя шаҳрида Осиё паралимпия қўмитаси (APC) томонидан миллий қўмиталар мутахассислари учун "Аичи-Нагоя-2026" Параосиё ўйинлари олдидан ташкил этилган "Chefs de Mission" семинарида ўзбекистонлик вакиллар ҳам иштирок этди.
Келгуси йили кунчиқар юртда ташкил этиладиган Параосиё ўйинларининг техник ва ташкилий жиҳатлари борасида қизиқарли маълумотлар тақдим этилган тадбирда Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси вакиллари Бегзод Ибрагимов ҳамда Хуршид Қосимов қатнашди.
Семинар давомида делегатлар 2026 йилги Параосиё ўйинларида иштирок этувчи делегациялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар юзасидан керакли тавсияларга эга бўлишди.
Шунингдек, делегатлар матонатли ва иродали спортчиларнинг ҳаракатланиш дастурлари ҳақида керакли маълумотларга эга бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, "Аичи-Нагоя-2026" Параосиё ўйинлари келаси йилнинг 18-24-октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА