Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик мутахассислар Ички Мўғулистонда
12:17 / 2025-09-12

Кўмир – табиий захираcи жуда мўл энергия манбаи. Ушбу моддадан олинадиган синтетик газ (syngas) кимё, энергетика ва металлургия соҳаларида қимматли хом ашё сифатида ишлатилади. Мутахассислар таъкидлашича, агар кўмир замонавий технология ёрдамида қайта ишланса, чиқинди миқдори сезиларли даражада камаяди ва анъанавий ёқиш усулига нисбатан атмосферага камроқ зарар етказади. Шу боис кўмирдан газ олиш энергетикада стратегик аҳамият касб этади.

Шу кунларда “China Datang Corporation” томонидан хорижий мутахассислар учун ташкил этилган тажриба алмашиш дастури доирасида иштирокчиларнинг “Inner Mongolia Datang International Keshiketing Coal Gas Co., Ltd.” (Ички Мўғулистон Датанг халқаро Кўкшектен кўмир-газ масъулияти чекланган жамияти корхонаси)га сафари ташкил қилинди.

Аввал хабар берганимиздек, дастурда қатор ривожланган мамлакатлардан мутахассислар иштирок этмоқда ва улар орасида ўзбекистонлик соҳа вакиллари ҳам бор.

Кешиктен корхонаси 2009 йил ташкил этилган бўлиб, йиллик 4 миллиард куб метр синтетик табиий газ (SNG) ишлаб чиқариш қувватига эга. Мустақил йирик завод сифатида фаолият юритадиган, алоҳида филиалларга эга бўлмаган мазкур корхона “China Datang” корпорацияси йирик “coal-to-gas” (кўмирни газга айлантириш) дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

Лойиҳа амалиётга жорий этилгач, ишлаб чиқарилган газ Хитойнинг шарқий ва марказий вилоятларига қувур орқали етказиб берила бошланган. Корхонанинг иқтисодий-ижтимоий аҳамияти – кўмирдан самарали фойдаланиш, атроф-муҳитга тарқалаётган зарарли чиқинди миқдорини камайтириш, шунингдек маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаб, иш ўринларини кўпайтириш билан белгиланади.

Дастур меҳмонлари мутахассислар билан мулоқот қилиб, кўмир саноатидаги илғор тажриба ҳақида муайян маълумот олди. Шунингдек, қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнида қўлланаётган инновацион технология билан яқиндан танишди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, захираси тахминан 2 миллиард тоннадан ошадиган Ўзбекистонда ҳар йили 6 миллион тоннага яқин кўмир ишлаб чиқарилмоқда. 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 8-10 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА

Ички Мўғулистон, Чифенг