Бугун, 11 июнь куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтган Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) конгрессида дзюдо спорт тури бўйича 2021-2025 йиллар давомида амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Янги олимпия даври 2025-2029 йиллар учун халқаро федерациянинг янги таркибдаги Ижроия қўмитаси аъзолига тавсия этилган номзодлар кўриб чиқилди.

Эътиборли жиҳати, конгрессда делегатларнинг овоз бериши натижасида ўзбекистонлик тажрибали дзюдо мутахассисларидан икки нафари IJF ижроия қўмитаси аъзолигига сайланди.
Хусусан, ҳамюртимиз дзюдо бўйича 1996 йилги Олимпия ўйинлари совриндори Армен Багдасаров ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси, Осиё дзюдо иттифоқи вице-президенти Азизжон Комилов IJF ижроия қўмитаси аъзолари қаторидан жой эгаллади.

Жаҳон дзюдосининг етакчилари, миллий федерацияларнинг мутасаддилари ҳамда делегатлар қатнашган конгрессда IJFнинг амалдаги раҳбари Мариус Визер навбатдаги 4 йиллик муддатга Халқаро дзюдо федерацияси президенти сифатида иш олиб борадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 13-19 июнь кунлари айнан Будапештда дзюдо бўйича катталар ўртасидаги навбатдаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси аъзолари шу кунларда Венгрия пойтахтида ушбу нуфузли мусобақа олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғинида қатнашмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА