Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида ўтаётган III Осиё ёшлар ўйинлари доирасида Осиё оғир атлетика федерацияси (AWF) ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Муҳаммад Ҳасан Жалоод (Ироқ), Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шахрилло Маҳмудов, қўмита аъзолари, турли миллий федерацияларнинг вакиллари иштирок этди.

Мажлис давомида III Осиё ёшлар ўйинлари оғир атлетика мусобақаларини ўтказиш қўмитаси аъзоси, ҳамюртимиз Азамат Шарипов мусобақаларнинг техник тамойиллари, инвентарларнинг халқаро меъёрларга мос келиши, ҳакамлик, спорт жамоаларининг профессионаллиги мавзусида чиқиш қилди.
Бундан ташқари, муҳокамалар жараёнида қитъа оғир атлетикасининг истиқболдаги ривожланиш йўналишлари хусусида сўз борди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида келгуси йилги мусобақалар тақвими ҳамда "Лос-Анжелес-2028" Олимпия ўйинларига йўлланмалар тизимини шакллантириш жиҳатлари таҳлил қилинди.
Йиғилиш якунида Осиё миқёсидаги мусобақаларни ташкил этишнинг ташкилий жиҳатлари, спортчиларнинг тайёргарлигини янада такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА