“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ҳамда KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида учрашув ўтказилди.
Унда хорижда ташкил этилаётган ўқув дастурининг мазмуни, асосий мақсадлари ва кутилган натижалари юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Маълум қилинишича, 20 нафар мутахассис уч ой давомида илғор илмий инфратузилмага эга “Korea Research Institute of Chemical Technology” базасида малака оширади. Дастур Дэчжон шаҳрида ташкил этилган бўлиб, у назарий машғулотлар билан бир қаторда лабораторияларда амалий ишлаш, замонавий ускуналардан фойдаланиш ва тадқиқот натижаларини таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантиришни назарда тутади.

Тадбирда “KRICT дирекцияси” МЧЖ лойиҳа директори Акмал Маҳмудов, KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ўринбосари Пак Сонгмин сўзга чиқиб, мазкур ташаббус икки мамлакат ўртасидаги илмий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Қайд этилганидек, ўқув дастури Ўзбекистонда Кимёвий технологиялар марказини шакллантириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган.
Мутахассисларга хорижда таълим олиш жараёнида илмий ишларни самарали ташкил этиш, лаборатория маданиятига риоя қилиш ҳамда олинган билимларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсиялар берилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, дастур якунида иштирокчилар кимёвий инструментал таҳлил соҳасида чуқур билим ва амалий тажрибага эга бўлиши, замонавий ускуналардан самарали фойдаланиш, тадқиқот натижаларини талқин қилиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш кўникмаларини мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Иштирокчилар орасида илмий даражага эга олимлар ва профессорларнинг мавжудлиги эса орттирилган тажрибани мамлакат илмий жамоатчилиги орасида кенг тарқатиш имконини яратади.
Мутахассисларнинг халқаро малака ошириш дастурида иштироки миллий кимё саноатини инновацион ривожлантириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА