Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик каратэчи Тбилисида совриндор бўлди
15:07 / 2026-01-16

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида ўтказилган “Karate One” тизимидаги “A” тоифали халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси совриндорлар қаторидан жой олди.

Дунёнинг 77 та мамлакатидан 1200 нафардан зиёд энг маҳоратли каратэчилар иштирок этган баҳсларда ҳамюртимиз Абдулваҳоб Рашидов -67 килограмм вазннинг кумитэ йўналишидаги саралаш баҳсларини муваффақиятли ўтказди ва кумуш медалга сазовор бўлди.

Финалда истеъдодли каратэчимиз македониялик Матей Белистояноскига рўбарў келди.

Қизиқарли кечган жангда муроса йўли танланди. Ҳар икки спортчи 7 баллдан жамғаришга муваффақ бўлди. Ҳакамлар қарорига кўра, дастлабки очкони қўлга киритган македониялик каратэчига ғолиблик тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Karate One” тизимидаги “A” тоифадаги турнирлар тўртта босқичдан иборат бўлиб, унинг кейинги босқичлари Испания (24-26 апрель), Мексика (16-20 июль) ва Австрия (2-4 октябрь) давлатларида ташкил этилади.

Мусобақалар якунига кўра, ҳар бир вазн тоифасида дунёнинг энг кучли каратэчилари рўйхати шакллантирилади.

Халқаро турнир якунларидан кейин мураббий ва ҳакамлар учун ўтказилган йилнинг илк семинар-машғулотида Ўзбекистон каратэ ассоциацияси вакиллари ҳам иштирок этди.

Т.Рўзиев,

ЎзА