Мамлакатимиз ҳунармандлари Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган нуфузли мода тадбирида иштирок этиб, юртимизнинг маданий мероси, ҳунармандчилик мактаби ва усталар маҳоратини намойиш этди.
Тадбирнинг очилиш маросимини ўзбекистонлик ҳунарманд-дизайнер Шаҳзода Ғофурова ўзининг миллий анъаналар ва замонавий дизайн уйғунлигига асосланган коллекцияси билан очиб берди. Унинг чиқиши томошабинлар томонидан катта эътибор билан қарши олинди.


Ислом Зоҳидов эса миллий нақшлар, анъанавий ҳунармандчилик услублари ва замонавий йўналиш уйғунлигида яратилган коллекцияси билан саҳнада ўз ижодини намойиш қилди.
Шунингдек, «Содружество моды» мукофотининг «Халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» номинацияси бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.


Мукофотнинг илк лауреати сифатида Марказий Осиё Дизайнерлар иттифоқи раиси, Халқаро дизайнерлар ҳамжамиятининг Марказий Осиё бўйича аъзоси Камола Ғуломова муносиб тақдирланди.
Ушбу мукофот минтақада ижодий, маданий ва саноат ҳамкорлигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган етакчи мутахассисларни эътироф этиш мақсадида таъсис этилган.


Гулноза Бобоева, ЎзА