Ўзбекистонлик ҳарбий мерганлар Жанубий Кореяда муваффақиятга эришди
Жанубий Кореяда ҳарбийлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада мамлакатимиз вакиллари ғолибликни тантана қилди.
Жанубий Корея армияси махсус операция кучлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилган II Халқаро мерганлар турнирида 10 та давлатнинг 54 та мерганлар жамоалари бир ҳафта давомида кечган баҳсларда ўзаро рақобатлашди.


Саралаш мусобақаларида муваффақиятга эришган Ўзбекистон жамоаси АҚШ, Германия, Руминия, БАА, Қатар, Вьетнам, Таиланд, Мўғулистоннинг 16 та мерганлар жамоалари билан совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Мусобақада белгиланган нуқталарни аниқ нишонга олишда маҳоратини намойиш этган ҳамюртларимиз 539.5 балл жамғарган ҳолда II Халқаро мерганлар турнири ғолибига айланган бўлса, кейинги ўринларни 534.7 балл тўплаган Вьетнам ва 519.0 баллга эга АҚШ жамоалари эгаллади.
Т.Рўзиев,
ЎзА