– Шифокорлик касбига болалигимдан қизиқар эдим. Кичкина бўлсамда кимдир жароҳат олса ёки озроқ бетоб бўлсақандай қилиб бўлса-да унга ёрдам беришга ҳаракат қилардим. Оилавий шароит ва бошқа сабабаларга кўра, малакали шифокор бўлолмадим. Аммо ҳамширалик касбини эгалладим. Бугун шу касбим билан орзуларимга эришяпман, десам муболаға бўлмайди. Европанинг энг ривожланган давлатларидан бирида оилам билан яшаш, дунёдаги нуфузли шифохоналарда ишлаш бахти насиб этмоқда...
Бу самарқандлик Динора Мамадиёрованинг сўзлари.
Динора ҳозирги кунда Германия Федератив Республикаси Гамбург шаҳридаги “Asklepios” шифохонасида ҳамшира бўлиб фаолият юритмоқда. У дунёдаги энг замонавий шифо масканларида ишлаб нафақат юқори маош олиб оиласига ёрдам беряпти, балки тажрибали тиббиёт мутахассислари орқали соҳага доир билим ва кўникмаларини оширяпти.
– Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлар эдим, - дейди қаҳрамонимиз. – Германиядаги шифохонага қонуний йўл билан ишга жойлашишимда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграцияси агентлигининг ҳиссаси катта. 2022 йилда ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган “GLOBAGATE” лойиҳасида иштирок этдим. Лойиҳа доирасида ўқиб, имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим. Шундан сўнг, Тошкентда бир ярим йил давомида немис тилини ўрганиб В2 даражасини қўлга киритдим. Ўқишим ва бу ерга келиб ишлашим учун барча ҳаражатлар қоплаб берилди. Германиядаги ҳамкасбларим мени жуда яхши кўриб, ҳурмат қилади.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз миграция сиёсатида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Ҳозир “меҳнат муҳожири” тушунчасига нисбатан муносабат тубдан ўзгарган. Бугун халқаро меҳнат бозорига ўлкамиз салоҳиятли кадрларни таклиф эта бошлади. Табиийки, тажрибали ўзбек мутахассисларига талаб борган сари ортмоқда.
Эътиборлиси, миграция географиясини кенгайтириш, хусусан, айни йўналишда Европанинг ривожланган давлатлари билан ҳамкорлик қилиш давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган энг муҳим вазифалардан биридир. Шу маънода, сўнгги йилларда ГФР билан миграция соҳасидаги муносабатлар ривожланиб бораётгани қувонарли.
– Бугунги кунда Германия иқтисодиётига юқори малакали мутахассислар, айниқса, тиббиёт, логистика, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишчи кучига талаб ортиб бормоқда, - дейди Миграция агентлигининг хорижий иш берувчилар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Бобур Валиев. – Агентлигимиз Германиянинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатган. Фуқароларимизнинг ушбу давлатда ишга жойлашиши, касбий ва тил бўйича тайёргарлиги, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилган. Сўнгги уч йил давомида 2 мингдан зиёд фуқароларимиз Германияга турли соҳаларга ишга юборилди. Айниқса, ҳамшираларга талаб юқори. Ўзбекистонлик ҳамширалар ҳозирда Германиянинг энг нуфузли ўнлаб клиникаларида фаолият юритмоқда.
Қайд этиш керак, мамлакатимиз ҳудудида қарийб 1000 нафардан зиёд ўрта бўғин тиббиёт ходимлари учун немис тилини ўқитиш лойиҳалари бепул тарзда амалга оширилмоқда. Жорий йилда бу йўналишда яна бир хайрли ишга қўл урилди. Германиянинг Ахен университет клиникаси билан ҳамкорликда “Германия тиббиёт академияси” лойиҳаси йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳани ташкил этишда Миграция агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Швейцариянинг “GLOBAGATE” ташкилоти иштирок этди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигининг муҳим босқичи бўлиб, юқори малакадаги ўрта тиббиёт мутахассисларини Германия стандартлари асосида тайёрлаш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва ҳамюртларимиз учун хориждаги нуфузли клиникаларда тажриба алмашиш, янги имкониятлар яратишни мақсад қилган.
Эътиборли жиҳати, бундай таълим масканлари мамлакатимиздаги Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида икки ўлка таълим дастурларини уйғунлаштирган ҳолда босқичма-босқич жорий этилмоқда. 2025-2026 ўқув йили учун 750 та махсус квота ажратилди.
Илгари Германияда тиббиёт соҳасида ишлаш истагидаги “ҳамширалик иши” йўналишида дипломи борлар билан шартнома қилинар ва ГФР стандартларига қайта тайёрланар эди. Номзодлар ушбу давлатга боргач, яна 6–8 ой вақтни мослашиш учун сарфларди. Эндиликда, бу жараённи юртимиздаёқ амалга ошириш имкони яратилди. Академияга мақсадли қабуллар асосида Германияда ишлаш истагида бўлган номзодлар танлаб олинади. Талабалар 3 йиллик ўқиш давридаёқ Германия тиббиёт стандартлари асосида таҳсил олиб, икки давлат томонидан тан олинадиган диплом ва B2 даражадаги немис тили сертификатига эга бўладилар. Ушбу диплом билан улар Германияда тўғридан-тўғри малакали ўрта тиббиёт ходими сифатида ишлаш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
Маълумот ўрнида айтиш керак, ҳозирги кунда Германиянинг биргина “Asklepios” клиникасида юзлаб ўзбекистонлик ҳамширалар фаолият юритмоқда.

Мазкур клиника бошқарув директори Янис Пройснинг сўзларига кўра, ўзбек ҳамширалари меҳнатсеварлиги, касбий билим ва кўникмаси юқорилиги, инсонпарварлиги ва масъулиятли ёндошуви билан ажралиб туради. Улар ўз ишларини сидқидилдан бажаради ва узоқ муддатли иш фаолиятини режалаштиради. Айни шу сабабларга кўра Ўзбекистонда тайёрланаётган ҳамшираларга бўлган ишонч баланд.

Ўз навбатида, Германия клиникалари чет эллик малакали ҳамшираларга бир қатор талаблар ҳам қўйган. Хусусан, ишга бормоқчи бўлаётган ҳамширалардан юқори малака, тил билиш ва касбий масъулият талаб этилади. Чет эллик ҳамширалар Германия стандартларига мувофиқ ҳамширалик иши бўйича тўлиқ ўрта ёки олий маълумот дипломига эга бўлишлари шарт. Немис тилини билиши ва клиникаларда беморлар билан мулоқот, ҳужжатлар юрита олиш, шунингдек, тиббий терминологияни етарлича тушуниш талаб этилади. Бундан ташқари,ҳамшира жисмонан соғлом бўлиши ва узлуксиз сменаларда ишлай олиши лозим. Стрессга чидамлилик, масъулиятлилик, жамоада ишлаш қобилияти муҳим баҳоланади.

Б.Валиевнинг таъкидлашича, миграция соҳасида олмон диёри билан ҳамкорлик ГФР собиқ канцлери Олаф Шольцнинг 2024 йил сентябрь ойида диёримизга амалга оширган ташрифи доирасида йўлга қўйилган. Ўшанда мамлакатларимиз ўртасида “Миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим” имзоланди ва бу ҳужжат жорий йил 4 мартдан кучга кирди. Бу ҳужжат мамлакатларимиз ўртасидаги яқин ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлади, дейиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, миграция йўналишида бу каби ислоҳотларнинг амалга оширилишидан кўзланган мақсад – халқимиз учун муносиб иш шароитларини яратиш, уларнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, халқаро тажриба орқали миллий кадрлар сифатини янада яхшилашдан иборат.
Гўзал Сатторова, ЎзА