Ўзбекистонлик ҳакам 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларида фаолият юритади
Халқаро конькичилар иттифоқи 2026 йили Италиянинг Милан-Кортина шаҳрида ўтадиган XXV қишки Олимпия ўйинларида фаолият олиб борадиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, мазкур мусобақанинг фигурали учиш спорт турида спортчиларнинг ҳаракатини баҳолаб борадиган ҳакамлар қаторида ҳамюртимиз Саодат Нуъмонова номи ҳам қайд этилди.
Бўлажак Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик халқаро тоифадаги ҳакам Саодат Нуъмонова спортчиларнинг чиқишини баҳолаб боради. Мутахассис индивидуал (жуфтлик) ва жамоавий (аёллар ва жуфтлик) дастурларда фаолият кўрсатиши белгиланди.
Айтиш лозим, С.Нуъманова 2018 йили Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида ўтган XXIII қишки Олимпия ўйинларида ҳам фаолият олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги қишки Олимпия ўйинлари 2026 йилнинг 6-22 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА