Ўзбекистонлик футбол ҳакамлари ўйинларни янгича либосда бошқаради
Ўзбекистонда футбол бўйича ўтказиладиган Суперлига, Про-лига, Биринчи лига, Аёллар Олий лигаси учрашувлари, шунингдек, Ўзбекистон кубоги ва минтақавий турнирларда иш олиб борадиган ҳакамлар Италиянинг “Macron” брендидаги либосларда майдонда ҳаракатланади.
Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциациясида ўтказилган йиғилиш давомида маълум қилинди.

ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовнинг билдиришича, ФИФА президенти Жанни Инфантино футбол ҳакамларини майдондаги биринчи жамоа, деб таъкидлаган. Сабаби, футбол мусобақаларининг сифатли ўтиши, ривожланиши ва ўсишида профессионал ҳакамларнинг ўрни беқиёс. Ҳакамлик тизимини замонавий усуллар орқали такомиллаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз футбол мутахассислари мазкур бренднинг сифати ва қулайликларини юқори баҳолашмоқда. Йиғилишда тақдим этилган ҳакамларнинг янги либоси бу йўлдаги муҳим қадамдир.
Т.Рўзиев,
ЎзА