Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонлик эко-инспектор Халқаро Рейнжерлар мукофоти билан тақдирланди
11:07 / 2025-10-14

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги инспектори Лазизбек Ҳасанов Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида “International Ranger Award” (Халқаро Рейнжерлар мукофоти) билан тақдирланди.

Инспектор “Ёш рейнжер сифатида ноқонуний дарахт кесиш ва браконерликка қарши курашдаги фидокорона хизмати учун” номинациясида ғолиб бўлди.

Тадбир Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) 2025 йилги Жаҳон конгресси доирасида IUCNнинг Халқаро муҳофаза этиладиган ҳудудлар бўйича Жаҳон комиссияси (WCPA) томонидан “Conservation Allies”, “Universal Ranger Support Alliance” ва IUCN ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 56 мамлакатдан 319 нафар рейнжер иштирок этиб, якунда 6 нафар рейнжер ва 7 рейнжер жамоаси ғолиб деб топилди. 

– IUCN 2025 йилги Халқаро Рейнжерлар мукофоти бутун дунё бўйлаб рейнжерларнинг жасорати ва табиатни муҳофаза қилишга бўлган садоқатини ёрқин намоён этмоқда. Улар сайёрамиздаги энг ноёб экотизимларнинг ҳақиқий посбонларидир. Хавф-хатарларга қарамай, рейнжерлар йўқолиб бораётган турларни асрайдилар ва табиатни муҳофаза қилиш орқали инсониятга илҳом бағишлайдилар, — деди IUCN бош директори Гретел Агилар.

Лазизбек Ҳасановнинг тақдирланиши Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга берилган яна бир ижобий баҳо. Халқаро Рейнжерлар мукофоти дунё бўйлаб рейнжерларнинг жасорати, бардоши ва қатъиятини қадрлаш, уларнинг ютуқларини кенг жамоатчиликка етказиш ва бу соҳанинг аҳамиятини оширишга қаратилган.

2025 йилги ғолиблар фаолияти “Глобал биохилма-хиллик доираси”нинг асосий мақсадларига — 2030 йилгача ер, сув ва денгиз ҳудудларининг 30 фоизини муҳофаза қилиш вазифасига тўлиқ мос келади. Улар маҳаллий жамоалар билан ҳамкорликда таълим, тарғибот ва экологик ривожланиш орқали инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА