Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси таркибида «Эл-юрт умиди» жамғармаси раҳбарияти ҳам бор.
Ташриф доирасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Гулноза Исмоилова БМТнинг Халқаро фуқаролик хизмати комиссияси (UN ICSC) раиси Ларби Жакта билан учрашди.
Томонлар комиссиянинг жамғарма ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги билан ҳамкорлигининг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.

Давлат бошқаруви, фуқаролик хизмати ва илмий тадқиқотлар йўналишлари бўйича БМТ тизимида давлат хизматчиларининг малакасини ошириш дастурларини ўз ичига олган қўшма ташаббусларни амалга оширишга келишиб олинди.
Учрашув якунида ҳамкорлик ҳақида битим имзоланди. Ушбу битим «Эл-юрт умиди» жамғармаси тарихида БМТ тизими ташкилоти билан алоқаларни мустаҳкамловчи илк расмий ҳужжат ҳисобланади.
Битимнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирлари доирасида имзоланиши унинг аҳамиятини янада оширади.
Ҳужжатга кўра, томонлар давлат хизматчилари ва жамғарма стипендиатларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш бўйича қўшма дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади. Тадқиқотлар ва техник ишланмалар билан тажриба алмашади.
Конференциялар, семинарлар, амалий машғулотлар ва бошқа касбий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. UN ICSC рақамли бошқарув, инсон ресурсларини бошқариш ва фуқаролик хизмати амалиёти соҳаларида экспертлик ва техник ёрдам кўрсатади.
Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш ва инсон капиталини мустаҳкамлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади.
Н.Абдураимова, ЎзА