Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази инфографикасида жорий йилнинг январь ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари билан Ўзбекистоннинг савдо-сотиқда юз берган ўзгаришлари маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 929,1 миллион долларни ёки 26,6 фоизни ташкил этди. Шундан экспорт ҳажми 300,9 миллион доллар, импорт ҳажми эса 628,2 миллион долларга етган.
2022 йилнинг январь ойи якуни билан Ўзбекистонинг ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо ҳажмидаги улуши Россия билан ташқи савдо айланмаси 573 миллион долларни ёки 62 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми 181 миллион долларга, импорт ҳажми эса 393 миллион долларга етди. Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 267 миллион долларни ёки 29 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми 61 миллион долларга, импорт ҳажми эса 206 миллион долларга етди.
Ўзбекистон 2020 йилнинг декабрида Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Айнан шу уюшма билан энг яқин савдо-иқтисодий алоқалар йўлга қўйилиб, ЕОИИ билан янада интеграциялашув уларни янада мустаҳкамлаш имконини беради.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси билан савдо айланмаси қарийб 10 миллиард долларни ташкил этди. ЕОИИ мамлакатларининг улуши Ўзбекистон умумий товар экспортининг 30-31фоизини ташкил этади.
Анъанага кўра, Ўзбекистон тўқимачилик, металлургия ва кимё саноати маҳсулотлари, шунингдек, озиқ-овқат, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилади. Республикада қурилиш материаллари, ёғочни қайта ишлаш ва кимё саноати маҳсулотлари, шунингдек, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, сут ва гўшт маҳсулотлари ЕОИИдан олинади.
ЕОИИга янада интеграциялашган ҳолда Ўзбекистон ташқи бозорларга чиқишда, хусусан Вьетнам, Эрон, Сербия ва Сингапур билан савдо қилишда янада қулай шароитларга эга бўлади.
ЎзА