Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Японияга ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) раиси Тадаши Маэда билан учрашди.
Музокара чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда қўшма лойиҳалар амалга ошириш, шунингдек, банкнинг инвестиция портфелини кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди.
JBIC кўп йиллардан буён йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори бўлиб келгани эътироф этилди.
Ҳозирги кунгача Банк ресурсларини жалб қилган ҳолда мамлакатда энергетика, ахборот-коммуникация ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 2,7 миллиард долларлик 11 лойиҳа амалга оширилди, Шундан 1,4 миллиард доллари инвестиция.
Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга япон бизнесини жалб қилишни фаоллаштиришда ижобий тенденция кузатилаётгани алоҳида таъкидланди. “Energy de France” (Франция), “Nebras Power Investment Management B.V.” (Катар), “Sojitz Corporation” ва “Kyuden International” (Япония) компаниялари консорциуми томонидан Сирдарё иссиқлик электр станциясида қуввати 1600 МВт буғ-газ қурилмаси барпо этиш ғояси алоҳида таъкидланди.
Ушбу лойиҳа Япония компаниялари юртимизда тўғридан-тўғри инвестицияси билан иштирок этаётган энг йирик давлат-хусусий шериклик келишувларидан биридир. Ўзбекистон томони JBICнинг мазкур мажмуани молиялаштириш бўйича ташаббусини олқишлади ҳамда режа муваффақиятли ва ўз вақтида амалга оширилишида ҳамкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда Япония етакчи компанияларининг сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг сув таъминоти бўйича янги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари истиқболи муҳокама қилинди.
ЎзА