Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича дунё миқёсида энг юқори ўсиш қайд этилган ТОП-7 давлатлар қаторига кирди.
Хусусан, мамлакатга ташриф буюрган халқаро туристлар оқими 2019 йил даражасига нисбатан 73 фоизга ошиб, Ўзбекистоннинг глобал туризм маконидаги мавқеи изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 11 ойда эса Ўзбекистонга туристлар ташрифи илк бор 10 миллиондан ошди. Жумладан, январь-ноябрь ойларида жами 10,7 млн. нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган.
Мамлакатимизга сайёҳлар оқимининг кўпайиши виза режимини кенгайтириш, транспорт қулайлигини ошириш ва фаол халқаро маркетинг сиёсати билан боғлиқ. Янги меҳмонхоналар, саёҳат компаниялари ва туризм мутахассислари сони сезиларли даражада ошди, бу эса мамлакат инфратузилмасини мустаҳкамлайди ва уни жаҳон саёҳат бозорида янада рақобатбардош қилади.
Самарқанд, Бухоро ва Хива каби анъанавий тарихий марказлардан ташқари, экологик ва гастрономик туризмга бўлган қизиқиш ҳам ортиб бормоқда. Айнан шу шаҳарлар сайёҳлар учун ўзига жалб қилувчи “очиқ осмон остидаги музей” бўлиб хизмат қилмоқда. Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони, Ичан қалъа каби ёдгорликлар йилдан-йилга минглаб хорижий сайёҳларни жалб этмоқда.
Бу эса мамлакатнинг сайёҳлик таклифларининг хилма-хиллашувини кўрсатмоқда. Узоқ хориждан келаётган сайёҳлар сонининг кўпайиши Ўзбекистоннинг минтақавий йўналиш чегараларидан чиқиб, глобал туризмда ўз ўрнини мустаҳкамлаётганидан далолат беради. Бу ютуқлар БМТ Туризм барометрида тасвирланган глобал тенденциялар доирасида туризм соҳасининг янада ривожланиши учун қулай истиқболларни яратмоқда.
Ўзбекистонга ташриф доирасида тижорат мақсадида келган чет элликлар сони 2,7 баробарга ошган. Биргина январь-октябрь ойларида жами 362,8 минг нафар чет эл фуқаролари тижорат мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган. Хорижий корхоналарнинг энг кўпи савдо соҳасида фаолият юритиб, айни пайтда мамлакатимизда чет эл инвестициялари иштирокида жами 17 900 та корхона фаолият юритмоқда.
Мамлакатимизга хорижлик меҳмонларнинг яна бир қизиққан томони шундаки, бу юртимизнинг миллий таомларидир.
Юртимизда истиқомат қилувчи турли миллатларнинг бир неча асрлар давомида тўпланган ошпазлик анъаналари ҳам бугунги кунда ягона ва ҳаммамизга тушунарли бўлган ўзбек ошхонасининг мазали таомлари мажмуасида мужассамлашган. Бундан ташқари кўпинча меҳмонлар қариндошларини йўқлаш учун келади.Ташрифнинг бошқа мақсадларига хизмат сафарлари, саёҳат, тижорат, ўқиш ва даволаниш киради. Тиббий ёрдам учун 9 мингга яқин киши келган.
Бугунги кунда юртимизда тиббиёт тизимини янада ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш, беморлар учун қулайлик, шифокорлар учун самарадорлик, давлат учун эса шаффофлик ва тежамкорликни таъминлаш учун муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада Ўзбекистон тиббиёт тизимининг нуфузи ошиб, нафақат Ўрта Осиёда, балки жаҳонга танилмоқда.
Бунинг натижасида биргина, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида жами 75 минг 666 нафар чет эл фуқаролари даволаниш мақсадида Ўзбекистонга келган. Булардан энг кўпи Тожикистон Республикаси фуқароларидир.
Шу ўринда мамлакатимиз аҳолисининг ҳам чет элга саёҳати ортган.
Хусусан, жорий йилнинг 11 ойида Японияга борган Ўзбекистон фуқароларининг сафар мақсадлари таҳлил қилинганда — саёҳат мақсадида 2,2 минг нафар, қариндошларни йўқлаш мақсадида 294 нафар, ўқиш учун 137 нафар, хизмат юзасидан 58 нафар ҳамда даволаниш мақсадида 4 нафар фуқаро сафар қилган.
Шунингдек, мазкур даврда Ўзбекистонга қарийб 30 минг нафар япониялик туристик мақсадларда ташриф буюрган. Ўз ўрнида 22,3 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда Таиландга сафар қилган. 10 ойда 230 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Туркияга борган бўлса, ўтган 10 ойда 237 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Саудия Арабистонига сафар қилган.
Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва келажакдаги истиқболлар ҳақидаги таҳлиллар ушбу соҳанинг ривожланишига, шунингдек, туризмни ривожлантиришга оид вазифалар аҳоли даромади ошиши, янги иш ўринлари яратилиши ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА