Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Tuproqsifattahlil” давлат унитар корхонасига қиймати 29 минг долларга тенг бўлган юқори технологияли лаборатория ускуналарини тақдим этди.
Биламиз, “Tuproqsifattahlil” ташкилотида суғориладиган ерларнинг сифатини баҳолаш, тупроқ унумдорлиги ва экологик ҳолатини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда республика тупроқ қопламининг ахборот базаси шакллантирилиб, тупроқ шўрланиши ва уларнинг озуқа моддалари билан таъминланиши картограммалари тузилади.
Корхона мутахассислари шўрланган ва деградацияга учраган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши маълум қилинди. CACILM-2 лойиҳаси доирасида спектрофотометр ишлаб чиқарувчи компания билан ҳамкорликда лаборатория ходимлари учун янги ускуналар билан ишлаш бўйича тренинглар ташкил этилади.
– Ускуна тупроқнинг кимёвий таркиби ва сифатини юқори тезликда аниқлаш имконини беради. Тупроқларнинг кимёвий таркибини таҳлил қилиш рекультивация усуллари, мос ўғитларни танлаб олиш, ернинг кимёвий ифлосланиш манбасини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади”, – деди мазкур лойиҳанинг мамлакатимиздаги миллий координатори Муҳаммаджон Қосимов.
Рақамли технологиялар билан қўллаб-қувватланадиган қишлоқ хўжалиги нафақат иқтисодиётни тиклаш, балки унинг сифатини яхшилаш учун, айниқса, кичик ер эгалари ва фермерлар учун ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2020 йил келгуси 10 йил ичида Республикани рақамли трансформация қилишни назарда тутган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури ишлаб чиқилган.
Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясининг олдини олиш, қурғоқчил ва шўрланган ҳудудларда тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган технологияларни қўллашда кўмак кўрсатиш CACILM-2 лойиҳасининг асосий вазифаларидан биридир.
Эслатиб ўтамиз, Глобал Экологик Жамғарма томонидан молиялаштирилаётган ушбу минтақавий лойиҳа ФАО томонидан 2018 йилдан буён Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркияда амалга ошириляпти.
Табиий ресурсларни комплекс бошқаришни жорий этишда халқаро ҳамкорлик асосий ўрин тутади. Лойиҳа доирасида фермерларни ўқитиш, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ва илмий муассасалар мутахассислари малакасини ошириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази Ўзбекистондаги миллий ҳамкорлар ҳисобланади.
Б.Худойбердиев,
ЎзА