Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонга очилаётган Европа дарвозалари...
09:20 / 2025-05-31

Президент Шавкат Мирзиёевнинг барқарор Марказий Осиёдан Европа Иттифоқи томон концепцияси ҳақида.

Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Италия саммити жараёнларини диққат билан кузатиб бордим. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Ушбу олий даражадаги учрашув ва унда эришилган натижалар, имзоланган ҳужжатлар менга яқин тарихимизни эслатди. 

Бугунги кунларга етиб келиш учун қанчадан қанча машаққатли йўллар босиб ўтилганини унутмаслигимиз керак. Тарихдан тўғри хулоса чиқариб, келажагини белгилаган миллат юксалади, тараққий этади.

Ўзбекистонда чорак аср давомида Европа билан мулоқот қилишга уринишлар ва интилишлар кўп бўлган. Лекин муваффақиятсиз якун топган. Баъзи бир бошланган алоқалар ҳам номаълум сабабларга кўра боши берк кўчага кириб қолаверган. 

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида ўтиб бўлмас бир жарлик пайдо бўлган эди. Бунинг натижасида бутун дунё интилаётган Европа тараққиёти, юксалиши, ривожланишидан узоқлашилди. 

Тўғрисини айтганда Европа томони Ўзбекистонга ишончсизлик билан қарарди. Бу авваламбор қўни-қўшниларимиз билан бутунлай узилган муносабатларга бориб тақаларди. 

Марказий Осиёда ўта муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон томони ташаббусни қўлга олиши, қардош халқлар билан дўстона алоқаларни ўрнатиши керак эди. Аксинча, Ўзбекистон бу борада якдилликка эришишга интилмади. Муносабатлар мураккаблашиб, душманчилик кайфияти даражасига етиб борди. Буни кузатиб турган халқаро ҳамжамият ҳам Ўзбекистондан тобора юз ўгирган эди. Айниқса, бундай вазиятларга мутлақо муросасиз бўлган Европа Иттифоқининг барча дарвозалари Ўзбекистон учун ёпилганди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ортга қайтмас кучли сиёсий иродаси билан бу тугунларнинг барчаси ечилди. Нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ўртасида ҳам манфаатлар мувозанатига эришилди. Ўзаро мулоқотлар тикланди, барча саволларга жавоб топилди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташаббуси билан Марказий Осиё руҳи яратилди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги барча зиддиятларга батамом нуқта қўйилди.

Бу жараёнларни кузатиб бораётган халқаро экспертлар фикрларини ўзгартиришга мажбур бўлди. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаб амалга оширган ғоялари Марказий Осиёда ғалаба қозонганди.

Бу туб бурилиш нафақат Ўзбекистон учун, балки барқарор Марказий Осиё учун биринчи навбатда дунё эшикларини, Европа дарвозаларини очиб берди. 

Бугун бундай дейишга тўла асосларимиз бор. Европа Иттифоқи давлат раҳбарларининг Ўзбекистонга бўлган интилиши ва қизиқиши Самарқандда ташкил этилган "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида тўла маънода намоён бўлди.

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитида Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг иштирок этиши муносабатларда бутунлай янги давр бошланганини билдиради.

Саммитга Самарқанд шаҳрининг мезбонлик қилишида ҳам рамзий маъно бор, албатта. Президент Шавкат Мирзиёев ҳақли равишда таъкидлаганидек: "Самарқанд цивилизациялар мулоқоти, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатия, савдо ва маданий алмашувлар муҳим марказидир."

Президент Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида бугунги натижаларга осонликча етиб келинмаганлигини, бунинг учун ғоятда мураккаб ва машаққатли йўл босиб ўтилганлигига эътибор қаратди: “Бундан 8 йил олдин Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки муносабатлари тўхтаб ётганини қайд этишни истар эдим. Бугун эса биз банкнинг энг йирик бенефициарларидан биримиз”.

Ўзбекистон Президентининг кучли сиёсий иродаси нималарда намоён бўлади? 

Шавкат Мирзиёев фақат Ўзбекистонни эмас, минтақани, Барқарор Марказий Осиёни юксалишини, ривожланишини, ҳамжиҳатлигини истайди. Бу олтин тамойил  Европа Иттифоқининг қарашларига, истакларига мос келади. Демак, биринчи қадам муваффақиятли равишда Марказий Осиё томон ташланган бўлса, иккинчи қадам Европа Иттифоқи, бутун дунё томонга ташланди.

Бугунги дунёда геосиёсий зиддиятлар, йирик минтақавий можаролар, ижтимоий-иқтисодий таҳдидлар тобора кучайиб бораётганига гувоҳмиз. Бундай вазиятда қарор қабул қилиш қийинлашади. 

Президент Шавкат Мирзиёев қуйидаги хулосага келади: “Ҳеч бир минтақа кенг халқаро ҳамкорликсиз бу қадар мураккаб масалаларни мустақил ҳолда ҳал этишга қодир эмас”.

Барқарор Марказий Осиёда трансформация жараёнлари кечмоқда. Бу ўз навбатида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг ўзаро яқин ҳамкорлиги учун талаб тобора ошиб боришига олиб келади.

Президент Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида Барқарор Марказий Осиё Концепциясига қандай эришилганлигига алоҳида тўхталди: “Бундан етти-саккиз йил аввал бунинг учун ҳатто шароит ҳам йўқ эди. Баъзи мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпиқ эди. На савдо, на транзит, на бизнес, ҳеч қандай гуманитар алмашувлар йўқ эди. Муносабатлар шунчаки музлатиб қўйилганди. Ўшанда ҳеч ким яқин келажакда биз Европа етакчилари билан музокараларда минтақамизни биргаликда намоён этишимизни тасаввур ҳам қила олмас эди.”

Бугун Барқарор Марказий Осиё Концепцияси тўла маънода ишламоқда. Бу концепция асрлар давомида шаклланган жуда кўп сохта қарашларга батамом барҳам берди. Марказий Осиё учун янги коридор очилишига имконият яратди. Мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган, аллақачон ўз умрини яшаб бўлган иқтисодий қарамлик ботқоғидан чиқиб олишимизга ёрдам берди.

Бутун дунёда иқтисодиётдан кўра хавфсизлик биринчи ўринга чиққан бир даврда яшаяпмиз. Президент Шавкат Мирзиёев алоҳида урғу берганидек: “Марказий Осиёнинг очиқлиги ва барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр экани минтақада хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашнинг энг муҳим шартига айланди.”

“Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди.

Бу барқарор Марказий Осиё дипломатиясининг 21- асрдаги энг катта ютуқларидан бири сифатида қаралмоқда.

Мен бир самарқандлик олим сифатида қадимий Самарқандимиз бундай тарихий жараёнларга мезбонлик қилаётганидан фахрланаман. 

Бир пайтлар бутун жаҳоннинг бошкенти, пойтахти мақомига эга бўлган Самарқандга тарихий шон-шавкат қайтди. Самарқанд руҳи қайтди. 

Тарих такрорланадими? 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитдаги нутқида илгари сурилган мана бу фикрга эътиборингизни қаратмоқчиман: “Амир Темур бундан олти асрдан зиёда вақт олдин айнан шу заминда туриб эркин ва хавфсиз савдони таъминлаш мақсадида Европа ҳукмдорлари билан фаол мулоқотларни йўлга қўйган... Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аллома ва мутафаккирларимиз жаҳон, жумладан, Европа илм-фани ва фалсафаси ривожига беқиёс ҳисса қўшганини албатта қайд этмасдан ўтолмаймиз.”

Италия Республикаси Бош вазири Жоржа Мелони расмий ташрифи доирасида Самарқандда “Рим” кўчаси очилди. Имоним комил Самарқандда “Будапешт”, “Берлин”, “Париж”, “Брюссель”, “Мадрид”...каби кўчалар очилади. 

Ўзбекистон учун ер юзида ёпиқ эшиклар қолмайди...

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.