Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан энди юртимизда чиқинди ташишда электр токида юришга мўлжалланган техника воситасидан фойдаланилади. Электромобиль “Eko House” чиқинди кластери томонидан Хитойдан келтирилди.
- Бугунги кунда экология, хусусан, чиқиндиларни олиб чиқиш ва утилизация қилиш соҳасида янги технологиялар жорий қилинмоқда, — дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимов. — Хитойнинг “Chengdu Shiny Technology Co Ltd” компанияси билан ҳамкорликда олиб келинган электротехника воситаси, аввало, атмосферага заҳарли ташламалар чиқармаслиги билан аҳамиятли. Яъни, бу машина экологияга зарар етказмайди.
Хитой компанияси мутахассиси Вей Го хоним ушбу электромобиль атмосферага зарарсиз эканлигини, Ўзбекистон ҳам айнан шу жиҳатга эътибор қаратганини эътироф этди. - Электромобиль Хитойнинг Ченжу шаҳрида ишлаб чиқарилган. Экологик жиҳатдан зарарсиз. Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликдан мамнунмиз ва келажакда чиқинди ташийдиган электромобилларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз”, — деди Вей Го хоним.
Электромобиль дастлаб Жиззах вилоятида синовдан ўтказилади. Эътиборли томони, у тор кўчаларда ҳам юришга мўлжалланган. Машина тўлиқ қувватда 300 километр масофани босиб ўтади. Бу эса кун давомида аҳоли яшаш пунктларидан чиқиндиларни олиб чиқиб, махсус полигонларга ташиш имконини беради. Шунингдек, 3 тоннагача юкни бемалол кўтара олади.
Маълумот учун, 2023-йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан аҳоли яшаш пунктларидан чиқиндиларни олиб кетишнинг сигнал усули ўрнига мусиқали усул жорий қилинган эди. Бу аҳолининг чиқинди йиғадиган махсус техника воситаларининг баланд сигналидан норози бўлганини инобатга олиб амалга оширилган.Ушбу янги ташаббус ҳам экологик мусаффоликни сақлаб қолишда катта аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/eNcu5OUFatg" title="Oʻzbekistonga ilk bor chiqindi tashiydigan elektromobil olib kelindi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов,
Анвар Аҳмедов,
ЎзА