2025 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон ҳар ойда 1 миллиондан ортиқ хорижий туристларни қабул қилмоқда. Шу тариқа, жорий йилнинг тўққиз ойида мамлакатга 8,6 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,5 фоизга кўпдир. Бу ҳақида Туризм қўмитаси хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, хорижий туристлар оқими сезиларли ўсган. Ўзбекистон туризми сўнгги йилларда юксак суръатлар билан ривожланмоқда. 2025 йилда хорижий сайёҳлар оқими 2022 йилга нисбатан сезиларли даражада ортди. Жумладан, Британиядан келган туристлар сони 2,6 баравар, Қатардан 6,2 баравар, АҚШдан 3 баравар, Франциядан 2,9 баравар, Россиядан 2,1 баравар, Венгриядан 3,3 баравар, Германиядан 2,5 баравар, Польшадан 6,2 бараварга ошди.
Шунингдек, 2025 йилда туристик хизматлар экспорти ҳажми 3,6 миллиард АҚШ долларидан ошиб, тарихий рекордни янгилади.
Маҳаллий туризм соҳасидаги бу ютуқлар мамлакат раҳбарияти томонидан сўнгги йилларда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Президентимиз раҳбарлигида туризмни иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантириш, хизматлар сифатини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли чоралар амалга оширилмоқда.
Етакчи жаҳон медиа платформалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этиш ҳамда чет эл оммавий ахборот воситаларида чоп этилган мақолалар “Visit Uzbekistan” бренди нуфузини глобал миқёсда мустаҳкамлади.
Мутахассисларнинг фикрича, туризм соҳаси Ўзбекистон иқтисодиётининг етакчи драйверларидан бирига айланмоқда. Сайёҳлар оқимининг ортиши ички инфратузилма ривожига, янги иш ўринлари яратилишига, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ошишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатда халқаро талабга жавоб берадиган меҳмонхона тармоқлари кенгаймоқда, янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда, маҳаллий маҳсулот ва хизматлар экспорти ҳам кўпаймоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА