Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасига қарашли чегара масканларида мамлакатимизга хориждан кириб келаётган ва чет давлатларга чиқиб кетаётган карантин остидаги юклар устидан назорат ишлари кучайтирилди.
Бу жараёнда зарарли организмларни аниқлашда кинологлар ва уларга бириктирилган махсус детектор итлар фаолият юритмоқда. Улар ёрдамида карантиндаги маҳсулотлар орасида хавфли кўчатлар ва зараркунандаларнинг кириб келиши олди олинмоқда. Кинологлар малакасини ошириш учун махсус синов машқлари ташкил этилди. Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари ушбу машқлар орқали ходимларнинг билим ва кўникмаларини амалда мустаҳкамламоқда.


Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда бошқарма таркибида 6 нафар кинолог ўзларининг махсус тайёрланган итлари билан хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида улар томонидан асосан Европа мамлакатларидан кириб келаётган 411 та фитосанитар хавфи юқори бўлган кўчатларнинг олиб кирилиши тўхтатиб қолинган.


Дунё бўйича 305 мингдан ортиқ зарарли организмлар мавжудлиги инобатга олинганда, бу йўналишдаги назорат ишлари мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги хавфсизлиги учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби амалий машғулотларнинг мунтазам ўтказилиши кинологлар фаолияти самарадорлигини ошириб, ўсимликлар карантини тизимини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.


Ш.Маматуропова, ЎзА