Маълумки, амалдаги тартибларга кўра, республикамизга четдан олиб кириладиган ва ўзимизда ишлаб чиқариладиган алкоголли ичимликлар Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан қадоқланиши шарт.
3-6 ноябрь кунлари Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси томонидан Андижон вилоятида Давлат хавфсизлиги хизмати ва вилоят божхоначилари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона хизматлари ҳамкорлигидаги тезкор тадбирда қалбаки акциз маркаларни тайёрлаб, уни ўтказишга уринган трансчегаравий жиноий гуруҳ фош қилинди.

Қирғизистон Республикаси божхона хизматидан олинган маълумотга асосан «Хитой-Туркия-Қирғизистон» йўналишида ҳаво йўллари орқали Бишкек шаҳрига олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмасида Ўзбекистон Республикасига юборилган 1 млн. 8 минг дона қалбаки акциз маркаси борлиги аниқланади.
Дастлаб Бишкек шаҳрида акциз маркаларни Ўзбекистонга олиб кетиш мақсадида қабул қилиб олган қўшни давлат фуқароси божхона хизмати тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди. Унинг кўрсатмасига биноан қалбаки акциз маркаларни Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи шахсга етказиши лозим эди.
Шундан сўнг тезкор тадбир мамлакатимиз ҳудудида – Андижон шаҳри Боғишамол даҳасида давом эттирилиб, қалбаки акциз маркаларни қабул қилиб олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳам қўлга олинди.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қалбаки акциз маркалари Наманган шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқароси буюртмаси бўйича тайёрланган ва Қирғизистонга келтирилган. Бунинг учун ушбу шахс томонидан акциз маркаси намунасини қалбакилаштириш бўйича Андижонда истиқомат қилаётган хорижий шахс орқали муқаддам Хитойга буюртма берган.
Хитойда тайёрланган сохта маркалар Туркия орқали дастлаб Қирғизистонга, сўнгра Ўзбекистонга олиб кирилиши кўзланган эди.
Бу орқали юртдошларимиз саломатлиги учун туғиладиган жиддий хавфдан ташқари, давлат бюджетига 9 млрд. 801 млн. сўмдан зиёд зарар етказилар эди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Ш. Маматуропова, ЎзА