Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондан Германияга ёш IT-мутахассислар жалб қилиниши мумкин
16:56 / 2022-11-16

“Sofwarezentrum” Европадаги энг йирик дастурий таъминот марказларидан бири бўлиб, 12 000 кв/м.дан зиёд офис майдонига эга. 110 та дастурий таъминот корхонаси ушбу марказ аъзолари ҳисобланади. Бундан ташқари маслаҳат кенгашига таниқли компаниялар ва муассасалар, жумладан, “Böblingen” савдо палатаси, “Baden-Vyurtemberg” ер иқтисодиёти вазирлиги, “L-Bank”, “Hewlett Packard”, “IBM Germany” ва “Daimler Ag” вакиллари киради.

Мазкур дастурий таъминот маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш Ўзбекистонда IT соҳаси ривожига катта ҳисса қўшади.

Шу кунларда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бошчилигида IT-Парк резидентлари Германия АКТ соҳаси ва айни йўналишдаги илғор тажриба билан ўртоқлашмоқда.

Мутахассисларимиз Штутгарт шаҳрида жойлашган “Sofwarezentrum” дастурий таъминот маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташриф доирасида “Sofwarezentrum” маркази бошқарув директори Ганс Ульрих Шмидт билан кечган учрашувда IT-компанияларнинг ўзига хос хусусияти ва марказга аъзо корхоналар ҳақида маълумот берилди.

Суҳбат давомида Ш.Шерматов Ўзбекистоннинг инсон капитали ва салоҳияти, мамлакатимизда IT-корхоналар учун яратилган инфратизим, тақдим этилаётган имтиёзлар, мутахассисларни тайёрлаш, IT-хизмат экспорти ўсиш тенденцияси ва IT-Парк резидентлари билан биргаликда эришилган ютуқлар ҳақида сўзлади. Ташрифдан кўзланган асосий мақсадлардан бири Германия ҳудудида IT Парк филиалини очиш ва шу орқали Европа Иттифоқи бозорига “оншор аутсорсинг” (onshore outsourcing) хизматини таклиф этиш экани таъкидланди.

Ўз навбатида, Ганс Ульрих Шмидт Германияда IT соҳасининг турли йўналишларида IT-мутахассис етишмовчилиги юзага келаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, ГФР ҳудудида расмий корхона очиш ва фаолият юритиш, Европа бозорини ўрганиш мақсадида алмашинув дастури асосида Ўзбекистондан Германияга ёш IT-мутахассисларни жалб қилиш яхши натижа беради.

Шу ўринда, вазиримиз ушбу вазият IT-Парк резиденти корхоналарига янги имкониятлар яратишини, Германия лойиҳаларини Ўзбекистондан туриб, масофавий, яъни “аутсорс” тарзида амалга ошириб беришда муаммо бўлмаслигини қайд этди.

Ўзбекистон ва Германия IT-корхоналари ўртасида қўшма тадбир ва “хакатон”лар уюштириш, “Sofwarezentrum”га аъзо корхоналарни республикамизга таклиф этиб, мавжуд имкониятлар билан таништириш таклифи берилди.

ЎзА