English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги самарадор ислоҳотлар: халқ фикри қандай?
15:26 / 2022-08-17

2022 йилнинг 11-15 август кунлари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг «Янги Ўзбекистондаги самарадор ислоҳотлар – тараққиёт сари дадил қадамлар» номли лойиҳаси доирасида 2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси йўналишларида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганишга қаратилган сўровнома ўтказилди.

Ушбу сўровнома доирасида Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналишининг ҳар бири бўйича 2 тадан жами 10 та саволлар шакллантирилиб, ижтимоий тармоқлар ҳамда ҳамкор блогерларнинг телеграм каналлари орқали тарқатилди.

Хусусан, беш кунлик сўровнома республикамизнинг турли ҳудудларидан мингга яқин турли ёш категорияларига кирувчи фуқароларнинг фикрлари ўрганилди. Якунига кўра, иштирокчилар 76 фоизи Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги ислоҳотларни ижобий ўзгариш сифатида, 26 фоизи эса салбий ҳолат сифатида баҳолаган.

Жумладан, «Давлат ташкилотлари ва аҳоли ўртасидаги муносабатларни қандай баҳолайсиз?», деган саволга респондентларнинг 64 % давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасида кўприк ўрнатилгани, лекин яна қилиниши лозим бўлган ишлар кўплигини айтган бўлса, 17,1 фоиз жавобларда давлат идораларининг шаффофлиги ва халққа яқинлашгани эътироф этилган. Жавоб берганларнинг 19, 7 фоизи «Бу йўналишда ўзгаришлар сезилмади» деб жавоб берди.

Сўнгги 5 йил ичидаги энг ижобий ўзгариш сизнингча қайси? Деган саволга энг кўп ўзгариш сифатида «Оммавий ахборот воситаларининг эркинлашуви кўрсатилган». Бу йўналишда ўзгаришлар сезилмади деб жавоб берганлар 5 % ни ташкил этган бўлса, турли соҳалардаги ўзгаришларни эътироф этганлар кўрсаткичи 95%ни ташкил этди.

Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш бўйича қилинган ишлардан қайсилари самаралироқ бўлди?

Бу саволга иштирокчилар томонидан турича жавоблар берилган. Жумладан, Давлат идоралари раҳбарларининг фуқаролар ва жамият олдида ҳисобдорлиги тизимининг йўлга қўйилаётганлиги, «Обод маҳалла» дастури, сўз эркинлиги берилиши, жамиятдаги муаммоларга мутасадди давлат ташкилотлари томонидан зудлик билан муносабат билдириши ва муаммога йўл қўйган масъулларга чора кўраётганлиги., Президент Халқ ва Виртуал қабулхоналари очилиши ва самарали фаолият кўрсата бошлаши, нақд пул олиш осонлашгани, валютанинг эркин конвертация қилиниши, ДХМларнинг ташкил этилиши, халқ учун оворагарчиликларнинг камайгани, олий таълим олиш имкони ошгани каби жавобларни кўриш мумкин. 

Шунингдек, жавоблар орасида айрим таклифларни ҳам кўриш мумкин. Жумладан иштирокчилардан бири, Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилишини ижобий баҳолаган ҳолда, шундай фикрлар билдирган: «Маълумот олиш ёки хизмат кўрсатиш учун тўланадиган маблағ жуда юқори, аксарият аҳоли кўп холларда бу пулни тўлай олмаяпти. Аргос тизимининг ташкил этилиши жуда яхши. Лекин ҳокимликлар, ташкилот ва вазирликларда лавозимга тайинлов ҳамон инсон омили асосида амалга ошириляпти. Асосан «ўз одамини» Аргос орқали, суҳбат орқали лавозимга тайинлаш кўп учрайди. «Миллий кадрлар» захирасини ҳар бир соҳада, ҳар бир ташкилот, вазирлик, идора, ҳокимликда яратиш зарур».

Сўровномадан шу нарса кўринадики, ҳали суд-ҳуқуқ тизимида жорий этилиши лозим бўлган лойиҳаларни кўпайтириш лозим. Бу йўналишда жавоб берганларнинг 35%и тизимга нисбатан ижобий фикрда эмас. Асосан, қонунчилик ўзгаргани эътироф этилиб, ижрода камчиликлар борлиги айтиб ўтилган.

Ижтимоий соҳада муҳим бўлган ислоҳот қайси бўлди?

Жавоблар таҳлили кўрсатишича:

  • Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичининг ошганлиги;
  • Инсон қадрини юксалтириш;
  • «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Меҳр дафтар»ларини жорий этилиши. Камбағалликка қарши курашишда давлат сиёсати даражасига олиб чиқилиши;
  • Таълим соҳасида ислоҳотларнинг босқичма-босқич амалга оширилиб келиши;
  • Тиббий Суғурта
  • Опен бюджет орқали муаммоларни ҳал этиш имконияти
  • Ижтимоий соҳада энг кам ойликнинг иккита миқдорга ажратилгани ва пенсиялар миқдорининг ҳамда олиш мумкин бўлган энг юқори даражасининг оширилгани
  • Хусусий таълимга рухсат берилиши
  • Аҳолининг кам таъминланган қатлами алоҳида ҳимояга олинганлиги, хотин-қизларнинг қўллаб-қувватланаётганлиги, уй-жой билан таъминлашда тартибларнинг соддалаштирилгани кабилар эътироф этилди.
  • Шунингдек, ижтимоий соҳанинг айрим муаммолари ҳақида ҳам фикрлар билдирилган, жумладан шундай таклиф ва мулоҳазаларни кўриш мумкин;
  • «Таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотларда мониторинг фаолияти йўлга қўйилиб, тизимда камчиликларни ошкора эълон қилинса яхши бўларди»

  - «Таълимда ўзгаришлар жуда кам, муаммолар кўп»;

  -- «Аҳоли бандлиги учун янги касблар яратилмаяпти»;

   - «Соғлиқ сақлаш тизимида ўзгариш нисбатан кам сезилди»;

    - «уй жойлар ҳам қиммат, оддий аҳоли уй олиши учун кўп йил давомида ишлаши зарур. Банк кредитларининг фоизлари эса юқори. Уй жой учун кам фоизли кредитларни ислоҳ қилиш лозим»;

- «Ҳомиладор аёллар масаласида, пенсия тайинлаш масаласида ислоҳотлар яхши бўлди. Бироқ тиббиётни ислоҳ қилишда билиб-билмай қилинаётган янгиликлар, халқ таълими соҳасидаги янгиликлар, дарсликларни яратиш, мактаблар учун умуммиллий дастурларни ўзгартириб ташлашлар синов деб қабул қилинганида ҳам нотўғри иш, сабаби йиллар давомида синов ўтказиб, кейин ўхшамаган ишни тугатиб, яна янги синов ишларини олиб бориш, таълимни «ўлдиради», қабилидаги жавобларни кўриш мумкин.

Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш бўйича қилинган қайси ислоҳотга ижобий баҳо берилмоқда?

Жавоблар таҳлил қилинганда, аҳоли энг яхши иқтисодий ислоҳот сифатида валютани эркин конвертацияси йўлга қўйилганини эътироф этмоқда. Қуйидаги инфографикада  кўриш мумкинки, аҳоли фикрига кўра иқтисодий ўзгаришларни ҳам жадаллаштирилиши зарур:

Мажбурий меҳнат ҳолатлари (пахтага бориш, кўча куйни мажбуран тозалаш) йўқ қилиш бўйича олиб борилган ислоҳотларни қандай баҳолайсиз?

Ушбу саволга жавоб берган респондентларнинг асосий қисми мажбурий меҳнатга чек қўйилганини ва улар бу муаммога дуч келишмаётганини эътироф этишган.

Шунингдек, сўровнома иштирокчилари:

  •  Ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар

— барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишлари “E-qaror” электрон тизими орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилиши;

— амалга оширилган давлат харидлари, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари давлат органлари ва ташкилотларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси Очиқ маълумотлар порталига ва уларнинг веб-сайтларига жойлаштириб, ҳар чоракда янгилаб бориш йўлга қўйилиши;

— олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура имтиҳонлари, ўқишни кўчириш билан боғлиқ имтиҳонлар, нострификация тест синовларини ўтказиш жараёнини Интернетда жонли эфирга узатиш тартиби жорий этилиши;

— «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши;

  • Ташқи сиёсат борасидаги ислоҳотларни;
  • Хорижга чиқиш учун ОВИРнинг бекор қилинишини;
  • мамлакатимизда хотин-қизларнинг таълим олишига эътибор кучайтирилганлиги, уларнинг таълим олиши учун квоталар оширилгани, фоизсиз таълим кредитлари ажратилгани;
  • Пластик карталаридаги пул маблағларининг нақдлаштирилишидаги енгилликларни

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ҳукумат соати»ни ўтказиб бориш амалиёти йўлга қўйилиши ва бошқа шу каби ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблашди.

Қайси тизимда муаммо кўплигича қолмоқда ва уни ечимига қандай таклифлар бор?

Жавобларда энг кўп муаммо бор деб қайд этилган тизимлар таълим ва соғлиқни сақлаш тизими бўлди.

Шунингдек, респондентлар фикрича, Давлат бюджетининг самарали сарфланиши масаласида оқсоқлик бор. Буни бартараф этиш учун барча Давлат бюджети фойдаланувчилари фаолиятини тўлақонли шаффоф ҳолатга келтириш керак. Фуқаролар ҳар бир сўм маблағни қайга қандай мақсадда фойдаланиляпти кўриб туриши керак.

  • Халқ таълими ва Олий таълим тизимида муаммолар етарлича. Кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш лозим, тажрибали мутахассислар қадрланмагани сабабли бошқа ишга ўтиб кетишларига йўл қўйилмаслиги керак.
  • Халқ таълими ва мактабгача таълим тизимида соҳа ходимларининг ойлик маошини тарификация бўйича аниқ ошириб-белгилаб қўйиш керак. Фақат юқори натижа, халқаро олимпиадалардаги ютуқлар билан уларга устама белгилаш давом этаверса, ўқитувчилар ўз устида ишламайди, касбига меҳр билан ёндошмайди, номига ишга бориб, дарс соатини "отработка" қилиб келаверади. Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва уларнинг ёрдамчилари маоши ҳам жуда кам. Энг муҳими Давлат тиббиёт муассасаси шифокорларнинг маоши ҳам оширишга муҳтож. 10 йиллаб ўқиган шифокорнинг маоши рўзғор тебратиш, фарзандларнинг келажагини яратишга сарфлаш тугул, кундалик харажатлар, тўловлардан ортмайди, кўп болали оилаларда эса умуман етмайди ҳам.

        Давлат бошқаруви тизимидаги муаммолар:

Иштирокчилар фикрича, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмуни ва аҳамияти мансабдор шахслар томонидан етарли даражада ўрганилмаяпти, шунингдек, ушбу ҳужжатларни, айниқса, аҳоли ва кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар мавжуд эмас.

Айрим Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар, айниқса, туман ва шаҳарлар ҳокимлари кўрсатиб ўтилган ва бошқа камчиликларни бартараф этишни тегишли даражада тезкор, қатъий ва самарали таъминламаяпти.

Давлат ва жамият бошқарувида сиёсий партияларнинг ўрни сезилмаяпти. Жумладан, сиёсий партиялар ўз электорати манфаатларидан, сиёсий мафкураси ва позициясидан келиб чиқиб, сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнларига етарлича таъсир ўтказиш ҳамда ўзининг вакиллари орқали давлатнинг марказий ва маҳаллий ижроия органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ўрни сезилмаяпти. Партиялар томонидан мамлакат ички ва ташқи сиёсатини муҳокама қилиш, жамият ва давлат ҳаётига тааллуқли муҳим масалалар юзасидан баҳс-мунозарага киришиш, ижтимоий-сиёсий жараёнларни таҳлил қилиш деярли кузатилмайди. Сиёсий партиялар нафақат сайловолди кампанияси даврида, балки мунтазам равишда долзарб ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан теле-дебатлар, брифинг ва пресс-конференциялар ўтказиб бориши зарур ҳисобланади.

Юқоридаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини, уларни амалга ошириш механизмларини жорий этиш мақсадида «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш зарур.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги муаммолар юзасидан шундай фикрлар билдирилган:

«Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га рўйхатга қўйиш онлайн шаклда амалга оширилмайди. Ушбу дафтарга шахс аралашуви (маҳалла раиси, сектор раҳбари ва бошқа маҳалла масъуллари) орқали дафтарга рўйхат қўйиш билан амалга оширилади. Бу эса коррупцион ҳолатларни келтириб чиқармоқда.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли оиласи «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да ёки бирон бир «Дафтарда» рўйхатда туришини онлайн билиш иложи йўқ.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарори билан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорини ҳаммаси ҳам e-qaror.gov.uz тизими қўйилмайди.

Таълим ва тиббиёт тизимида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ниҳоятда кўп, коррупциявий ҳолатлар ҳам бисёр

Таълим тизими ислоҳ қилинса бошқа барча соҳалар секин ўзгара бошлайди

 Маҳалла тузилмаси фақат давлат пулини ювадиган манзилга айланган. Хотин қизлар ҳам..шу икки структурани ўзгартириш керак.

Шунингдек, ҳокимият, суд-ҳуқуқ, прокуратура тизимида ҳамон муаммолар мавжудлиги сўровномаларда қайд этилган.