Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги касб байрамлари
16:49 / 2021-09-16

Юртимиздаги аксарият соҳа вакиллари ўзларининг касб байрамларига эга. Ўзбекистонда қонун билан белгиланган бу саналар ҳар йили касб-кор эгалари томонидан кўтаринки руҳда нишонланади. Қуйида ана шундай байрамлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни. Мазкур кун Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 19 декабрдаги Қонуни билан белгиланган. Прокуратура органлари ходимлари ўз касб байрамларини илк бор 2017 йилда нишонлаганлар.

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни. Ушбу кун Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрдаги Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ҳамда ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмаларнинг 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтказилганлигини инобатга олиб белгиланган. Юртимизда 14 январь санаси Ватан ҳимоячилари куни сифатида биринчи марта 1994 йилда нишонланган.

26 январь – Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни. Мазкур кун Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 декабрдаги Қонуни билан белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг ягона божхона сиёсатини амалга ошириш ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи мазкур соҳа ходимлари ўз касб байрамларини илк бор 2019 йилда нишонладилар. Бундан ташқари, 26 январь – Бутунжаҳон Божхоначилар куни ҳам ҳисобланади. 

22 март – Маҳалла тизими ходимлари куни. Ушбу сана Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 2 мартдаги “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун асосида жорий этилди. Бунга қадар ҳар йили август ойининг биринчи якшанбасида Маҳаллалар куни нишонланар эди.

Апрель ойининг биринчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни. Ушбу кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 2018 йил 26 декабрда қабул қилинган. 

15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни. Ушбу кун 2021 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун билан белгиланган. Соҳа ходимлари ўз касб байрамларини 2022 йилда илк бор нишонлайдилар.

18 апрель – Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни. Мазкур кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари ўз касб байрамларини илк бор ўша йилнинг ўзидаёқ нишонладилар.

Май ойининг учинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси кон-металлургия саноати ходимлари куни. Ушбу кун мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда кон-металлургия саноатининг аҳамияти муҳимлигини эътиборга олиб, кўп минг кишилик жамоаларининг кон-металлургия саноатини ривожлантириш ҳамда кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаларини қайд этган ҳолда 2001 йил 12 майдаги Қонун асосида белгиланган. Мазкур соҳа ходимлари ўз касб байрамларини илк бор ўша йили 20 майда нишонлаганлар.

27 июнь – Ўзбекистон Республикаси матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни. Мазкур сана матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг давлат истиқлол ғояларини тарғиб этиш, янги демократик жамият қуришда, аҳолини Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматларини эътироф қилган ҳолда белгиланган. Ушбу касб ходимлари кунини белгилаш тўғрисидаги Қонун 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган. Ўзбекистоннинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб байрамларини илк бор 1994 йилда нишонлаганлар.

Июнь ойининг охирги якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси савдо, матлубот кооперацияси ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ходимлари куни. Мазкур кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган. Юқоридаги соҳа ходимлари ўз касб байрамларини илк бор ўша йилнинг ўзидаёқ нишонладилар.

Август ойининг биринчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни. Мазкур сана Президентнинг 2017 йил 2 августдаги фармонига асосан темир йўлларда юк ва йўловчиларни ташиш ҳажмини ошириш, темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида охирги йилларда эришилган ютуқларни ҳисобга олиб ҳамда соҳа мутахассисларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2017 йилдан бошлаб нишонланиб келмоқда. Мазкур кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 2017 йил 20 декабрда қабул қилинган.

Август ойининг иккинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни. Республикада амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида ушбу сана ҳам 2017 йилдан бошлаб нишонланмоқда. “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун 2017 йил 21 декабрда қабул қилинган.

Август ойининг учинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво флоти куни. Мамлакат қудратини ва иқтисодиётини мустаҳкамлашда, халқаро ва ички қатновни таъминлашда Ҳаво флотининг муҳим аҳамиятини эътиборга олиб, мазкур кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 1995 йил 31 августда қабул қилинди. Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси кўп минг кишилик жамоалари, Ҳарбий Ҳаво Кучлари ҳарбий хизматчилари ва ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари мазкур касб байрамини илк бор 1996 йилда нишонладилар.

26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни. Ушбу кун 2021 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга асосан нишонланади. 

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Бошқа касб кунларидан фарқли ўлароқ ушбу кун байрам (дам олиш) куни ҳисобланади. Бу кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган. 1994–1996 йилларда ўқитувчи ва мураббийлар октябрь ойининг биринчи якшанбасини Халқ таълими ходимлари куни сифатида нишонлаган бўлсалар, 1997 йилдан бошлаб 1 октябрни байрам қилиб келмоқдалар.

25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни. Ушбу кунни касб куни сифатида белгилаш 2006 йил 6 декабрдаги Қонун асосида амалга оширилган. Ички ишлар органлари ходимлари 2007 йилдан бошлаб ўз касб байрамларини нишонлаб келмоқдалар.

Ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни. Ушбу кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган. Республикамизнинг тиббиёт ходимлари илк бор 2006 йил 12 ноябрда ўз касб кунларини ўтказишган бўлишса, жорий йилда 14 ноябрда нишонлашади.

Декабрь ойининг иккинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни. Мазкур кунни белгилаш тўғрисидаги Қонун 2017 йил 25 августда қабул қилинган. Юртимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз касб байрамларини илк бор ўша йилнинг ўзида нишонлаганлар.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 26 мартдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган “Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича Йўл харитаси”га асосан касб байрамларига оид йигирмага яқин қонунчилик ҳужжатларини “Касб байрамлари тўғрисида”ги янги Қонунга тизимлаштириш ва унификация қилиш белгиланган. 

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

ЎзА