French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги итальянлар тарихига бир назар
07:38 / 2025-12-22

XIII асрда венециялик сайёҳ Марко Поло ва унинг оға-инилари Бухоро кўчаларини кезиб, шаҳарнинг улуғворлигидан ҳайратга тушганларида, бу заминда келажакда юзлаб итальянларнинг тақдири боғланиб қолишини хаёлларига ҳам келтирмаган бўлсалар керак. 

Ўрта асрлардаёқ Европа ва Осиё ўртасидаги савдо йўллари нафақат товарлар, балки инсон тақдирларини ҳам туташтириб юборган эди. Тарихнинг бу саҳифаларига назар ташлар эканмиз, Ўзбекистон ҳудудида итальянларнинг мавжудлиги шунчаки тасодифий ташрифлар эмас, балки асрлар давомида узилиб-уланиб турган ингичка, аммо мустаҳкам ришта эканлигига гувоҳ бўламиз.

Ўрта асрларда Марказий Осиё шаҳарлари ва Италия ўртасидаги алоқалар асосан савдо ва дипломатик миссиялар орқали амалга оширилган. XIII асрдаёқ италиялик миссионер Плано Карпинининг Сирдарё йўналиши бўйлаб сафари ва ака-ука Пололарнинг савдо-разведка мақсадидаги узоқ саёҳатлари бунинг дастлабки белгилари эди. Флоренциялик савдо вакилларидан бири XIV асрдаёқ савдогарларга Хитойга бориш учун Генуя ёки Византиядан эмас, балки Урганч орқали ўтишни, у ерда матоларни кумушга алмаштиришни маслаҳат бергани, минтақамизнинг ўша давр глобал иқтисодиётидаги стратегик ўрнини кўрсатади. Бироқ, доимий ва муқим алоқалар бироз кейинроқ, XVIII асрга келиб янада жонлана бошлади. Хусусан, 1721 йилда Россиядан келган итальян Флорио Беневени Бухоро хонлигида беш йил давомида истиқомат қилиб, бу ердаги сиёсий ва ижтимоий ҳаётни ичкаридан ўрганишга муваффақ бўлган эди.

Туркистон ўлкасига Европа саноати ва маданияти кириб келиши билан итальянларнинг оқими сезиларли даражада ортди. Тарихчи-археолог Людмила Жукованинг ёзишича, XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, бу ерда доимий яшовчи 60-70 нафардан иборат кичик, аммо фаол итальян жамоаси шаклланди. Улар орасида тил ўқитувчилари, тижоратчилар ва санъат аҳли бор эди. Тошкент тарихида из қолдирган шахслардан бири – В.Николян 1873 йилда шаҳардаги биринчи фотоательени очган бўлса, унинг ишини ўғли давом эттирди. Самарқанд темир йўли қурилишида эса 500 нафарга яқин итальян ишчиларининг меҳнат қилгани, уларнинг ўлка инфратузилмасини ривожлантиришдаги ҳиссаси салмоқли бўлганидан далолат беради.

Италиялик тадбиркорларни Ўрта Осиёга энг кўп жалб қилган омил – бу ипак хомашёсининг арзонлиги эди. Маҳаллий пиллачилик Европанинг ипак йигирув саноатини хомашё билан таъминловчи муҳим манбага айланганди. Бироқ, ҳамма итальянлар ҳам бу ерга ўз ихтиёри билан келмаган. Биринчи жаҳон уруши йилларида кўплаб ҳарбий асирлар, жумладан, Виченцо Пильмери бошчилигидаги гуруҳ Бухоро темир йўли ва туннелларни лойиҳалаш ҳамда қуришда иштирок этди. Тақдир ҳазилини қарангки, Қўқондан ўлжа сифатида келтирилган соат – Курантларни айнан ҳарбий асир Орланди йиғиб, ўрнатган эди. Бошқа бир итальян рассоми эса бухоролик бойнинг хонадонини безаш учун Москвадан махсус таклиф қилинган.

1917 йилги воқеалардан сўнг вазият кескин ўзгарди. Туркистонда тузилган хорижий маҳбуслар ҳомийлиги ташкилоти кўмагида кўпчилик итальянлар ватанларига қайтиб кетдилар. Аммо ҳамма ҳам кетмади. 1918 йил маълумотларига кўра, ўлкада 77 нафар итальян – ишчилар, муҳандислар ва ҳунармандлар қолган эди. Улар орасида фуқароликни қабул қилиб, шу ерда оила қурганлар ҳам бор эди. Самарқанд меъморчилигида эса ака-ука Неллеларнинг хизмати беқиёс. 

Совет даврида ҳам бу алоқалар узилиб қолмади, аксинча, янги шаклда давом этди. 1920–1930-йилларда ўзбек киносидаги илк пастоновкачи рассом, асли тошкентлик Б.Челли кўплаб фильмлар яратилишида қатнашди. Саноат соҳасида эса итальян мутахассислари Самарқанд ва Чирчиқдаги заводларни ишга туширишда ёрдам бердилар. 80-йилларда ташкил этилган “Совпластитал” қўшма корхонаси эса иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичи бўлди. Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистондаги итальянлар сони 1926 йилда 25 нафарни ташкил қилган бўлса, 1989 йилга келиб бу кўрсаткич 104 нафарга етган. 

Алишер Эгамбердиев, ЎзА