Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Туркияда
15:48 / 2024-09-17

Шу кунларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Туркияда бўлиб турибди.

Бу ҳақда ушбу марказнинг ахборот хизмати маълум қилди. Унга кўра, мазкур хизмат сафаридан кўзланган мақсад халқаро маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашишга қаратилган.

Делегация дастлаб 15 сентябрь куни маданият ва музей муассасалари учун инновацион ечимларни ишлаб чиқиш бўйича ихтисослашган «Outdoors Factory» компанияси ҳамроҳлигида Истанбулдаги бир қатор замонавий музейларга саёҳат қилди. Унда музейларда замонавий технологияларни жорий этишдаги энг яхши амалиётларни ва уларнинг маданий меросни сақлашга таъсирини ўрганишга аҳамият қаратилди. Бу, ўз навбатида, замонавий технологиялар ёрдамида маданий мерос ва қадриятларни кенг жамоатчилик, жумладан, ёш авлод учун қизиқарли тарзда тарғиб қилишда ҳам муҳим ҳисобланади.

Шунингдек, делегация аъзолари Византия даврининг қадимий ерости иншоотларидан бири бўлган Шерефие ерости сардобаси (Şerefiye Sarnıcı) билан танишди. Бу иншоот император Феодосий II (401–450-й.) даврида Константинополда сув сақлаш учун қурилган. Ҳозирги кунда бу ерда сув таъминоти тарихи ҳақида визуал ҳикоя қилувчи 3D мэппинг технологияси асосидаги ўзига хос объект мавжуд.

Улар ҳашаматли Айя София ибодатхонаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини намойиш қилувчи Очиқ осмон остидаги миниатюралар музейида ҳам бўлди.

Таъкидлаш керакки, «Deneyap Technology Atölyesi» интерактив музейи болалар ва ёшлар учун таълим дастурининг бир қисми бўлиб, янги технологиялар, дастурлаш ва сунъий интеллект ёрдамида фан ва маданиятни ўрганишга имкон беради.

Шундан сўнг ўзбек томони «Deneyap Technology Atölyesi» интерактив музейи раҳбарияти ва "Outdoors Factory" компанияси раҳбари Синан Турамон билан муҳокамалар ўтказди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида интерактив дастурларни ривожлантириш ва ташриф буюрувчиларни кенгроқ жалб қилиш учун технологиялардан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

– Ҳозирги замон маданий меросни сақлаш ва оммалаштириш учун янги ёндашувларни талаб қилади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаси – бой мазмун билан тўлдирилган ва замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилган контентлар яратишдир. Замонавий музейлар фақатгина артефактларни сақлаш жойлари эмас, балки ташриф буюрувчилар билан интерактив мулоқот қилиш учун фаол майдондир. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган бу маданий-гуманитар мегалойиҳага бу каби технологияларни жорий қилиш ислом маданий меросини янги авлод ва кенг оммага қизиқарли тарзда тақдим этишда янги йўлларни очади. Бу ёндашув кўп асрлик анъаналарни замонавий технологиялар орқали сақлаш ва ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлади, – деди марказ директори Фирдавс Абдухолиқов.

Мазкур хизмат сафари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Истанбул музейлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, маданият ва инновациялар соҳасида тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, делегациянинг Истанбулга ташрифи доирасида ИРСИКАда медиа тадбир, шунингдек, қатор музейларга ташриф, меморандумлар имзолаш ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази концепциясини янги мазмун билан бойитишга кўмаклашадиган келишувларга эришиш кўзда тутилган.
Айни пайтда делегациянинг хизмат сафари давом этмоқда.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА