“InnoWeek.Uz-2023" халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ўз ишини давом эттирмоқда. Мазкур ҳафталикка Эрон Ислом Республикасининг илм-фан, технологиялар ва билимга асосланган иқтисодиёт бўйича вице-президенти Руҳоллоҳ Деҳқони Ферузабади бошчилигидаги делегация вакиллари ташриф буюрди.
Руҳоллоҳ Ферузабади Ўзбекистондаги инновацион ўзгаришлар борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

– Биласизми, Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш учун ташлаган қадами мени ҳайрон қолдирди. Чунки бу борада тўпланган жамоанинг аксарияти ёш мутахассислардан иборат. Мамлакатингизда инновацион ўзгаришлар учун ёшларни жалб қилишга катта эътибор қаратилади. Ўзбекистонда илм-фаннинг чегараси йўқ деган ғоя илгари сурилмоқда. Шу ўринда мен ҳам қўшимча қилишни хоҳлардим: инновацион ҳамкорликнинг ҳам чегараси бўлмайди. “InnoWeek-2023" инновацион ҳафталик доирасида Ўзбекистон ва Эрон билан асосан иккита йўналишда катта ислоҳотлар қилишга келишилди. Энг аввало, технология трансферини амалга ошириш. Бу аслида машаққатли ҳамкорлик, қийин кечадиган жараён ҳисобланади.


Кейинги масала – технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик. Агар бу борадаги келишувларга эриша олсак, натижа ҳар иккала давлат учун ҳам манфаатли бўлади. Эрон Ислом Республикасида илм-фан, технологиялар ва инновацион йўналишлардаги тажрибани Ўзбекистонда ҳам қўллаб кўриш яхши самара беради.

Эронда 10 мингдан ортиқ билимга асосланган компания фаолият юритади. Эрон томоннинг эътиборини тортган жиҳат Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилиши ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш йўлида яратилган шароитлардир, – деди Руҳоллоҳ Ферузабади.


Учрашув сўнггида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Эрон Ислом Республикасининг илм-фан, технологиялар ва билимга асосланган иқтисодиёт бўйича вице-президенти Руҳоллоҳ Ферузабади билан биргаликда вазирлик ҳудудида ташкил этилган “Ўзбекистон-Эрон боғи”да эсдалик учун дарахт кўчати ўтқазишди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА