Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги давлат органлари учун киберхавфсизлик бўйича тренинглар дастури ишга туширилди
13:31 / 2025-07-23

2025 йил апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда рақамли технологияларнинг ривожланиши билан бирга шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ҳажми ҳам ортиб бораётгани, уларни ҳимоя қилишнинг нафақат ҳуқуқий, балки институционал, технологик ва маданий жиҳатдан ҳам долзарблигини инобатга олиб, қатор топшириқлар юклайди.

Шу боис, қарор ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 14 июлдан 21 августга қадар Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Noventiq Education” ўқув маркази билан ҳамкорликда давлат органларида ахборот хавфсизлиги соҳаси бўйича масъул 70 нафар мутахассис учун тренинглар ташкил этмоқда.

Тадбир ЕХҲТ томонидан кибержиноятчиликка қарши курашиш ва рақамли маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича миллий салоҳиятни оширишга қаратилган кенг кўламли ташаббуснинг бир қисмидир. Ўқув семинарлари ЕХҲТнинг “Кибертаҳдидлар ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишда миллий салоҳиятни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.  

Тренинг дастури киберҳимоянинг учта асосий йўналишини қамраб олади. Иштирокчилар хакерлик ҳужумлари усулларини чуқур ўрганиб, реал хавфли вазиятларни моделлаштириш орқали заифликни аниқлаш бўйича амалий кўникма олмоқда.

Қайд этилишича, дунё серверларининг 90 фоиздан ортиғи wеб-серверлар, маълумотлар базалари, корпоратив, давлат тизимлари ва Linux платформасида ишлайди. Тренингда тизим хавфсизлигини созлаш, кириш назорати, журнал юритиш ўргатилмоқда.

– Бугунги рақамли таҳдидларга самарали жавоб бериш учун мутахассислар нафақат назарий билим, балки амалий кўникмага ҳам эга бўлиши зарур. Бундай тренинглар реал ҳаётий вазиятларга тайёрланиш имконини яратади. Бу рақамли инфратузилманинг барқарорлиги ва хавфсизлигини сақлаб қолиш учун муҳим бир қадамдир, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вазифасини бажарувчи Сергей Сизов.

Ташаббус давлат идораларининг профессионал малакасини ошириш, шунингдек, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этишга қаратилган. Зеро, тренинглар ахборот хавфсизлиги соҳасида миллий салоҳиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган тизимли ишларнинг бир қисмига айланди ҳамда мутахассисларни замонавий рақамли таҳдидларга тайёрлашни таъминлаяпти.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА