Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилмоқда
12:24 / 2023-09-08

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 апрелдаги божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир фармонига мувофиқ Давлат божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви маркази барпо этилди.

Марказда маълумотларни қайта ишлаш маркази, масофавий электрон декларациялаш пости, “сall-марказ”, таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилди. 

Ахборот тизимлари хорижий давлатлар, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинди.  

Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлими Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида очилган. 

[gallery-13485]

Бу ерда тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идора ва хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.

- Марказий божхона лабораторияси экспертиза жараёнларини қисқартириш ва аниқлигини оширишга қаратилган илғор ускуналар билан жиҳозланди, — дейди Божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Отабек Чориев. - Соҳа рақамлаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви вақти ўртача икки баробарга қисқарди. Масалан, экспорт йўналишида шу вақт 2017 йилда 5 соат 42 дақиқа бўлган бўлса, 2023 йилда 30 дақиқани ташкил этмоқда. Импорт товарларининг 80 фоизи ва экспорт товарларининг 89 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик расмийлаштириш ҳажми ҳам оширилди. 

Энг муҳими, замонавий технологиялар билан жиҳозланган марказдан туриб барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади. Мана шу технологиялар кўмагида юртимизга кириб келаётган ноқонуний товарлар тезкор аниқланмоқда. 

Мисол учун, яқинда Божхона қўмитаси ва ДХХ томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комлексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган минг қоп қандолат кўкнори уруғлари божхона кўригидан ўтказилди. Ҳужжатларда қандолат кўкнориси, деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомон таркибида, ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланган. Шунингдек, чегарадан яна 70 кг гиёҳвандлик моддаси олиб кирилишининг олди олинди. Бу марказдаги замонавий технологиялар ноқонуний товарлар олиб ўтилишининг олдини олишда муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. 

Эътиборлиси, катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш, таҳлил қилиш, киберҳужумларни барвақт аниқлаш мақсадида ташкил этилган ушбу марказ амалдаги захирага нисбатан ўн баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. 

Айни пайтда масофавий электрон декларациялаш пости Тошкент шаҳри тадбиркорлари томонидан божхона идораларига масофадан туриб тақдим этиладиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштиришни амалга оширмоқда. Бу  республика бўйича тақдим этилаётган жами декларацияларнинг 50 фоизи (кунига 3 минг дона)ни ташкил этади. Кейинчалик бу республика бўйлаб кенгроқ жорий этилади.  

Кейинги 5 йилда ташқи иқтисодий фаолият субъектлари сони 2-3 баробар ошиб, 28 минг нафарга етди. Чегараларимиз орқали ҳаракатланган фуқаролар сони эса 2,2 баробарга ортиб, 17 миллион  нафарни ташкил этмоқда. Табиийки, бу божхона соҳасига доир мурожаатларнинг кўпайганини англатади. 

Шу боис “Божхона расмийлаштируви маркази”да замонавий шарт-шароитлар билан таъминланган  “сall-марказ” ўз фаолиятини бошлади.

Марказ фуқаролар ва тадбиркорларнинг  божхона органларининг 1108 ишонч телефони ҳамда қўмита  веб-сайти орқали келиб тушаётган барча мурожаатларини онлайн равишда қабул қилиш ҳамда жавобни баҳолаш имкониятини беради.

– Бир кунда 1,2 мингдан ортиқ мурожаатни куну-тун қабул қилиш ва муаммоли ҳолатларни тезкор ҳал имконияти яратилди, - дейди Божхона расмийлаштируви маркази оператори Муҳаббат Ҳолмуҳаммедова. –  Божхона назорати, божхона расмийлаштируви, божхона тўловлари, валюта олиб ўтиш тартибига оид мурожаатлар кўпроқроқ тушмоқда. Товар ва транспорт олиб ўтиш тартиби бўйича ҳам саволлар келиб тушаяпди. Ижтимоий тармоқларда ҳам махсус ботлар ишга туширилган. Барча мурожаатлар ахборот тизими кўмагида мувофиқлаштирилади. Уларнинг сони, тури, мазмуни реал вақт режимида таҳлил қилиб борилади. Натижада мурожаатлар бўйича тезкор вазиятга баҳо бериш, тадбиркор ҳамда фуқаролар кайфиятини билиш, билдирилаётган таклифларни ўрганиш,  мониторингда тизимли муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш имконияти юзага келади. 

Эришилаётган ижобий натижалар Божхона органлари ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ривожланаётгани туфайлидир. 

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Жаҳон божхона ташкилотининг Минтақавий божхона лабораторияси мақомини олган ўнинчи давлат ҳисобланади. Ушбу лаборатория халқаро сертификатга эга бўлган 13 нафар эксперт томонидан никотин маҳсулотлари, генетик модификацияланган организмлар, гиёҳвандлик воситалари  ва психотроп моддалар экспертизасини амалга ошириш учун зарур қурилмалар билан жиҳозланган. 

– Рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда, - дейди Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Илҳом Мухторов. –Ўтган давр мобайнида қўмитанинг дастурчилари томонидан ишлаб чиқилган 20 та янги ахборот тизими, 13 та янги электрон хизмат (жами 43 та), 6 та мобиль илова яратилди.  Назорат ва расмийлаштирув жараёнларини тезлаштириш мақсадида янги “E-транзит”, “Юк операциялари”, “Электрон божхона кузатуви”, “Божхона кўриги” ахборот тизимлари амалиётга жорий этилди. Натижада ушбу янги тизимлар орқали 1,6 миллиондан ортиқ декларация расмийлаштирилиб, 700 мингга яқин юк операциялар амалга оширилди. 

Илгари чегара постларида тарози, рентген қурилмаси, транспорт рақамини қайд этиш, шлагбаум ва бошқа жараёнларнинг ҳар бирига ходим жалб этилган бўлса, ҳозирда мазкур транспорт назоратини сунъий интеллект ёрдамида, яъни инсон омилисиз амалга ошириш йўлга қўйилди.  

Ягона ахборот тизимида бир вақтнинг ўзида ишлаш имконияти яратилди ва тўловларни ягона ҳисоб варақ асосида тўлаш йўлга қўйилди. Натижада 236 миллиард сўм ундирилди.

Муҳими, ҳар бир идорага алоҳида квитанция ёзиб бериш, товарларни омборларга жойлаштириш, рўйхатга олиш, ҳужжатлардан нусхалар олиб қолиш қоғозбозликдан воз кечилди.

Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик расмийлаштириш ҳажми 15 фоизга етказилиб, бу кўрсаткич экспортда 85 фоизни ташкил қилди.

Бундай кенг кўламли ишлар натижасида Божхона қўмитаси республикамиз миқёсида рақамлаштириш бўйича идоралараро рейтинг баҳолаш тизимида биринчи ўринни эгаллади. 

Божхона қўмитаси ҳуқуқий тарғибот йўналишида ҳам 93 балл билан қўмиталар ичида биринчи ўринда. 

Божхона инфратузилмасини такомиллаштириш, соҳани  коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш, кадрлар салоҳиятини оширишга, удларга зарур шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Хусусан, бир йилда ўртача 14 миллион нафар фуқаро ва 1,3 миллион автотранспорт ҳаракатланадиган 52 чегара постидаги шароитлар яхшиланди.  

“Олот”, “Дўстлик”, “Яллама” чегара постлари энг замонавий инспекцион кўрик мажмуаси (Z-Portal) билан жиҳозланди. “Ғишткўприк”, “Навоий” “Довут-ота” чегара постини илғор хорижий тажрибалар асосида қайта қуриш, кенгайтириш, ёндош ҳудудида терминаллар барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда. Мазкур постларда ўтказувчанлик қобилияти камида 4 баробарга ошиши кутилмоқда. 

Тадбиркорларнинг молиявий барқарорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ушбу даврда 82 триллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз ва тариф преференциялари қўлланилиб, 9,8 триллион сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди.

Иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ноқонуний олиб ўтилаётган 5,4 миллион долларга тенг нақд хорижий валюта, 193 кг тилла, заргарлик буюмлари аниқланди. 27 мингга яқин ҳолатда 1,3 триллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Контрабандага қарши курашиш, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар натижасида 1,1 минг кг.дан зиёд гиёҳвандлик воситалари ушлаб қолинди. Шунингдек, 530 минг дона кучли таъсир этувчи ва 9 минг дона психотроп модда, 36 дона қурол, мингдан ортиқ ўқ-дорилар, 3 миллион қутидан ортиқ тамаки маҳсулоти ушбу қолинди.

Шаҳноза Маматуропова, 

Муродхон Хўжаев (расм), ЎзА