Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги барқарор иқтисодий ислоҳотлар муҳокама қилинди
19:24 / 2024-10-22

Тошкент шаҳрида “Аҳоли фаровонлигини оширишда барқарор инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Data Volt, Marubeni Corporation, SUEZ, ACWA Power, Masdar, OTP Green Fund, CAMSE, Vision Invest ва Data Volt каби 15 та хорижий компания раҳбарлари ва минтақавий вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг 80 га яқин компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида халқаро ҳамжамиятга маълумот бериш, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитларни ёритишдир. 

Тадбирда сўзга чиққан инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев 2017-2023 йилларда Ўзбекистон сезиларли иқтисодий ўсишга эришгани ва ривожланиш бўйича минтақавий етакчи ўринни эгаллаганини таъкидлади. 

Анжуман қатнашчилари Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръати доимий равишда минтақавий ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини кўрсатишини қайд этди. Шунингдек, инфляция 15 фоиздан 8 фоизга тушди, 2021-2023 йилларда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга камайган. Бу рақамлар Ўзбекистоннинг жадал ва рақобатбардош иқтисодиётга айланиб бораётганини англатади. 

Тадбирда Акрам Алиев меҳнат унумдорлигини икки баробарга ошириш ва экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш мақсад қилинганлиги ҳақида гапириб ўтди. 

АҚШ – Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Елена Соннинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг сармоявий муҳитдаги ислоҳотлари Америка бизнесининг кенгайишини осонлаштиради. Хорижий инвестициялар учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, энергетика ва инфратузилма каби муҳим тармоқларда рақобатбардош тендер жараёнларини жорий этиш ҳамда тартибга солиш шаффофлигини ошириш орқали Ўзбекистон "Fortune 100" рўйхатидан жой олган АҚШ компаниялари учун жозибадор муҳит яратди. 

Германия халқаро ҳамкорлик фонди истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат бўлими бошлиғи Лия Граубергер фикрича, молиявий рағбатлантириш, ўқув дастурлари ва стартапларни қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистон ҳукумати замонамиз қийинчиликларига дош беришга тайёр тадбиркорларнинг янги авлодини тарбиялади. Бу тадбиркорлар нафақат иқтисодий иштирокчилар, балки ижтимоий қиймат яратиш, турмуш даражасини оширишда муҳим ҳамкорлардир. 

Конференция якунида келгусидаги режалар, жумладан, инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу орқали иқтисодий барқарорликни таъминлашга келишиб олинди. 

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА