Марказий банк томонидан «2022 йил I ярим йиллик якуни бўйича банкларнинг молиявий ҳолати шарҳи» тақдим этилди.
Унда қайд этилишича, мамлакатимиздаги банклар томонидан 2022 йилнинг январь-июнь ойлари давомида 87 трлн. сўм миқдорида кредитлар ажратилган. Бу кўрсаткич, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоиз ортиқ.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий январь-июнь ойларида банклар томонидан ўртача ойлик ажратилган кредитлар 14,5 трлн. сўмни ташкил этган. Ушбу кредитларнинг 70 фоизи, яъни 61 трлн. сўм корпоратив ва 30 фоизи, яъни 26 трлн. сўм чакана кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун 18 трлн. сўмлик револьвер кредитлар берилган.
Банкларнинг жами кредит портфели жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра 344 трлн. сўмни, уларнинг 77 фоизини корпоратив кредитлар, 23 фоизини чакана кредитлар ташкил этади. Жами кредит портфели қолдиғи жорий йил бошига нисбатан 5 фоизга ёки 17 трлн. сўмга (йиллик ўсиш 14 фоиз) ошган.
Корпоратив кредитлар 2 фоизга, чакана кредитлар эса 16 фоизга (11 трлн сўм) ўсган. Чакана кредитлар ўсиши микроқарзлар қолдиғи 5,7 трлн. сўм (жами ўсишнинг 52 фоизи), ипотека кредитлари 4,7 трлн. сўмга (43 фоиз), таълим кредитлари 436 млрд. сўмга (4 фоиз), автокредитлар 422 млрд. сўмга (4 фоиз) ўсиши ва бошқа истеъмол кредитлар қолдиғи 943 млрд. сўмга камайганлиги билан изоҳланади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2022 йил 1 июль ҳолатига кўра тижорат банклари кредит портфелининг 82,9 фоизи «стандарт», 12,2 фоизи «субстандарт» кредитлар сифатида таснифланган.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА