Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги 67 та вазирлик ва идораларда ИСО 9001 стандарти жорий этилади
12:42 / 2022-04-20

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.

 Қайд этилишича, давлат дастурида ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш белгиланган. Давлат дастурига асосан,  вазирлик ва идораларда иш юритиш ва маъмурий бошқарув жараёнлари сифатини такомиллаштириш белгиланган. Бунда вазирлик ва идоралар фаолиятига сифат менежменти тизимининг ISO 9001 халқаро стандартини жорий қилиш мақсадида, 67 та вазирлик ва идоралар рўйхати шакллантирилди.  
 
ИСО 9001 сифат менежменти тизими дунёдаги энг машҳур сифат менежменти тизими стандарти бўлиб, дунё бўйлаб 180 та мамлакатлардаги миллиондан ортиқ ташкилотларни сертификатлаштирган. ИСО 9001 стандарти асосан бошқариш механизмидир. Ушбу стандартнинг мақсади хатолар ва нуқсонларни камайтириш, йўқ қилиш ва олдини олишга қаратилган.  
 
Бугунги кунда 25 та вазирлик ва идоралар томонидан ISO 9001 халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат менежменти тизимини жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳамда Гидрометеорология хизмати марказлари фаолиятига ISO 9001 халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат менежменти тизими жорий этилган.  
 
Ўзбекистон Республикасида чиқарилаётган маҳсулотларнинг хорижий давлатларда рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда кўламини кенгайтириш, юзага келаётган техник тўсиқларни бартараф этишда тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқаришда ва хизмат кўрсатишда халқаро стандартларнинг ўрни катта.  Ҳозирда корхоналарнинг экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришлари учун, халқаро стандартларни жорий этиш ва халқаро сертификатлар олишда доимий равишда кўмаклашилмоқда.   
 
Бугунги кунда йирик экспортёр корхоналарга стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш масалалари билан ишлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан 1 минг 259 та йирик экспортчи корхоналарда халқаро стандартларга мувофиқ менежмент тизимларини жорий этилганлиги ва жорий этишга эҳтиёжи мавжуд корхоналарнинг тармоқлар кесимидаги таҳлили ўтказилди.Таҳлил натижасида 434 та корхонада халқаро менежмент тизимлари жорий этилганлиги аниқланди.  
 
Шунингдек, халқаро менежмент тизимларини жорий этишга эҳтиёжи мавжуд 179 та корхонада ҳамда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан 150 та корхонада халқаро сифат менежмент тизимларини жорий этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди.  

Муҳайё Тошқораева,  ЎзА