Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги “Чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб чет эл фуқаролари Ўзбекистонда айрим турдаги товарларни харид қилишда улар томонидан тўланган ҚҚС суммаларини қайтариш бўйича “Tax free” тизими жорий этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, “Tax free” мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, умумий қиймати камида 1 миллион сўм бўлган “Tax free” тизими татбиқ этиладиган товарларни харид қилиш лозим. Бунинг учун чет давлат фуқароси “Солиқ” мобил иловасида рўйхатдан ўтиши ва харидлари бўйича тақдим этилган онлайн-НКТ фискал чекларини сканерлаши кифоя.
“Tax free” суммасини ҳисоблаш, уни чет давлат фуқаросининг банк пластик картасига ёки банк ҳисоб варағига ўтказиб бериш тизим оператори “Солиқ-сервис” ДУК томонидан амалга оширилади. Ушбу жараёнларни "Солиқ" мобил иловасида онлайн вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилади.
Чет давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудини Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари орқали тарк этганда тизим операторига мурожаат қилган ҳолда маҳсулот харид қилган пайтдан бошлаб 3 ой ичида ҚҚС суммасини қайтаришни расмийлаштиришлари мумкин бўлади.
“Tax free” суммаси чет давлат фуқаросининг республика ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқлангандан сўнг, харид амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА