Президентимиз 13 июнь куни стандартлаштириш ва сертификатлаш соҳасидаги самарадорликни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказган эди.
Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини танқидий баҳолаб, муҳим ва устувор вазифаларни белгилаб берди. Бугунги кунда белгиланган вазифалар ижроси қандай таъминланяпти?
Агентликнинг маълум қилишича, вазифалар ижросини сифатли таъминлаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, GSP+ доирасида халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сонини 3 баравар ошириб, 1 минг 200 тага етказиш учун, сифат менежмент тизимларини жорий қилиш салоҳиятига эга бўлган 1000 та корхоналар рўйхати асосида манзилли ишни ташкил қилиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, Евро Иттифоқи ва Евро Осий Иттифоқига сифат ва хавфсизлик талабларини корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнларига жорий қилишга кўмаклашиш, корхоналарда сифатга эришиш бўйича мутахассислар малакасини ошириш учун халқаро экспертларни жалб этиб, семинар-тренинглар ташкил этилади.
Қолаверса, юртимиздаги 250 та корхонага маҳсулот сифатини Европа мамлакатларидаги талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи синов баённомаларини расмийлаштириш, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи тўқимачилик, электр техника, чарм-пойабзал, кимё саноати корхоналарида Oeko Tex, GOTS, BCSI, Sedex, СE маркировка ва бошқа стандартларни жорий этиш орқали улар сонини 100 тага етказиш кўзда тутилмоқда.
Келгусида экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи 500 та корхоналарда халқаро сифат менежмент тизимлари жорий этилади. Ҳудудлардаги янги корхоналарни ташкил этишда Европа мамлакатлари экспортида белгиланган талабларни таъминлайдиган ишлаб чиқариш лойиҳаларига эътибор қаратилади.
– Юртимиздаги 300 та саноат корхоналарига Европанинг 1,5 мингта стандарти жорий этилади, – дейди йиғилишда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Бош директори Дилшод Сатторов. – Бунда корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг талабларга мувофиқлигини ўрганиш, аниқланган номувофиқлик бўйича корхоналар билан чора-тадбирларни белгилаш ва бартараф этиш чораларини кўриш, 300 та корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг синовларини ўтказиш ҳамда экспорт қилиш имонияти кенгайтирилди.
Қолаверса, миллий маҳсулотларимиз экспорт географиясини кенгайтириш учун Хитой, Покистон, Афғонистон, Ҳиндистон Яқин Шарқ мамлакатлари стандарт талабларини 800 та йирик экспортчи корхоналарга манзилли етказиш, маҳсулот маркировкаси, қадоқланиши, ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя этилишига эриши учун буклет қўлланмалари етказилади.
Синов лабораторияларини ривожлантириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Мисол учун, Наманган вилояти «Юксалиш» кичик саноат зонасида 5 та замонавий синов лабораторияни ташкил этиш мақсадида 4 гектар ер, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 53 миллиард сўм миқдоридаги маблағ ажратилди.
Лойиҳага мувофиқ, Фарғона водийидаги мавжуд 1 минг 253 та экспортёр корхоналарга тўлиқ хизмат кўрсатиш имкони яратилди. Маҳалла-корхонабай ишлаш тизимида вилоятларнинг барча туманларидаги 2 минг 438 та маҳаллада 4 минг 394 та корхонага амалий ёрдам кўрсатилди.
Натижада 774 та корхонанинг 95 турдаги 4,2 миллион долларлик маҳсулотлари 37 тадан ортиқ хорижий давлатларга экспорт қилинишига эришилди.
Шу билан бирга, 1 та сертификатлаштириш идораси Туркия давлатида халқаро аккредитациядан ўтказилди.
Марказнинг 18 та синов лабораторияси Россия Федерациясининг провайдерлари билан халқаро солиштирув синовларида иштирок этди. E-laboratory ахборот тизими жорий қилинди.
Бир сўз билан айтганда, ўтган давр мобайнида текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 14 та корхонада “OEKO-TEX” стандартлари жорий этилди. Эътиборлиси, юртимиздаги 23 та корхонада Европа Иттифоқи мамлакатларида талаб этиладиган «СE» маркировкаси олиниши таъминланиб, умумий сони 33 тага етказилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА