Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистондаги 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма аниқланди
17:17 / 2022-05-24

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова иштирокида брифинг ўтказилди.

“Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га кўра, мамлакатимизда ҳозирги кунга қадар 8 минг 210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Шундан 4 минг 788 таси археология, 2 минг 265 таси архитектура объектлари, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. 

Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда Бош прокуратура ва унинг идоралари томонидан маданий мерос объектлари муҳофазасига қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш, қонунчилик талабларига зид равишда ер майдонидан фойдаланиш ва реклама эълонларини ўрнатишнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.  

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Прокуратура идоралари билан биргаликда ўтказилган текширишда республика бўйича 108 та маданий мерос объектида 146 та ноқонуний қурилма қурилганлиги аниқланди. 

Бундан ташқари, Маданий мерос агентлиги нафақат маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузган, балки агентлик кўрсатмаларини бажармаган шахсларга нисбатан ҳам мустақил равишда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳуқуқига эга бўлди. Янги қонунда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини йўқ қилиш ёки шикаст етказганлик учун жиноий жазо ҳам кучайтирилди. 

Маданий мерос объектларида ташқи реклама жойлаштириш “Реклама тўғрисида”ги қонунга асосан қатъий тақиқланиб, ушбу объектлар ва уларнинг ёндош ҳудудлари рекламадан холи ҳудуд этиб белгиланган. Бироқ, жойларда мазкур қонун талабини қўпол равишда бузиш ҳолатлари кузатилмоқда. 5 та қадимий шаҳарда жойлашган 1000 дан ортиқ маданий мерос объектида реклама ва ахборот кўрсатгичлари ўрнатилиши қонунийлиги ўрганилди. 

Ўрганишлар давомида 53 та объектда ноқонуний ўрнатилган 99 та реклама баннерлари олиб ташланиши таъминланиб, маданий мерос объектлари кўриниши асл ҳолатига қайтарилди. Шунингдек, 19 та объектда ноқонуний ўрнатилган 22 та реклама баннерини олиб ташлаш юзасидан мутасадди шахсларга ёзма кўрсатмалар берилди. 

 Шаҳноза Маматуропова,  
ЎзА мухбири