Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантириш масалалари таҳлил этилди
12:12 / 2025-11-29

Мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида одамларнинг фикрига қулоқ тутиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олишнинг янги тизими яратилди. Бу эса мавжуд муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, камчилик ва ечимини кутаётган масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш ва юртимиз янада тараққий этишида, халқимизнинг ҳаёт фаровонлигини оширишда асосий омил бўлмоқда.

Халқимизнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Марказининг фаолияти ва ушбу ташкилотнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар янги ва илғор ташаббусларнинг илгари сурилишида, муҳим қарорлар қабул қилишда, уларни амалиётга жорий этишда ўзига хос аҳамият касб этмоқда. 

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказида ташкил этилган “Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва шакллантиришнинг долзарб муаммолари: усуллар, назария ва амалиёт” доимий илмий-амалий семинари доирасида академик Раъно Убайдуллаева номидаги анъанавий социологик ўқишларнинг навбатдаги тўртинчи халқаро тадбири бўлиб ўтди. Унда шу жиҳатларга асосий эътибор қаратилди. 

Бу йилги тадбир “Глобаллашув ва кенг кўламли ислоҳотлар шароитида Ўзбекистонда ижтимоий жараёнлар динамикаси ва трансформацияси” мавзусига бағишланди.

XXI аср бошида глобаллашув, рақамли технологиялар ва халқаро мобилликнинг шиддат билан ўсиши жамият ҳаётида бутунлай янги воқеликни вужудга келтирди. Ижтимоий тузилмалардаги янгиланишлар, қадриятлар тизимининг трансформацияси, иқтисодий ва маданий жараёнлар тезлашмоқда. Бу ўзгаришлар ҳар бир жамият олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Ўзбекистон ҳам мазкур жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида демократик институтларни мустаҳкамлаш, давлат бошқарувини модернизация қилиш ва инсон капиталига қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишни давом эттирмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари — барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли хизматлар ва ижтимоий соҳани такомиллаштириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Семинар ишини таниқли олимлар ва йирик илмий муассаса раҳбарлари очиб берди. Хусусан, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори, академик Қаландар Абдураҳмонов жамиятдаги ижтимоий ўзгаришларнинг тезкор динамикаси ва уларни илмий асосда таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.

Россия Федерациясидан «Социологические исследования» журнали таҳрир кенгаши раиси, Россия Гуманитар университети социология кафедраси мудири, РФА мухбир-аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жан Тошенко замонавий социологиянинг долзарб йўналишлари ва аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

Марказнинг илмий-таҳлилий бўлими мудири Азизбек Тожибоев “Глобаллашув ва кенг кўламли ислоҳотлар шароитида Ўзбекистонда ижтимоий жараёнлар динамикаси ва трансформацияси” мавзусидаги илмий тўплам тақдимотини ўтказди.

Семинар доирасида тайёрланган илмий тўплам мамлакатда кечаётган ижтимоий жараёнларни ҳар томонлама тадқиқ этишга бағишланган бўлиб, унда институционал ўзгаришлар таҳлили, ижтимоий қадриятлар эволюцияси, иқтисодий модернизациянинг ижтимоий таъсири, рақамли трансформация жараёнлари, жамоатчилик фикридаги тенденциялар бўйича илмий ҳамда амалий хулосалар баён этилган. 

Тўпламда маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар, докторантлар, олимларнинг илмий ишлари жой олгани фанлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик кучайиб бораётганидан далолат беради.

Тадбир якунида қатнашчилар томонидан жамиятда кечаётган ўзгаришларни илмий асосда ўрганиш, глобал ва маҳаллий тенденциялар уйғунлигини таҳлил қилиш ва жамоатчилик фикрини ёрқин амалий қарорлар қабул қилишда фаол қўллаш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Н.Усмонова, ЎзА