Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда жами 8,3 миллион хонадонда яшовчи аҳоли тўлиқ рўйхатга олинди
16:49 / 2026-03-03

Дастлабки натижалар 2026 йил 1 июлга қадар эълон қилиниши, якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган маълумотлар эса 2027 йил 1 июлга қадар чиқарилиши режалаштирилган.

Тадбирнинг биринчи босқичи 15-31 январь кунлари бўлиб ўтди. Жами хонадонларнинг 82,3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ аҳоли саволномани мустақил тўлдириб, онлайн рўйхатдан ўтди.

Онлайн босқичда қатнашмаган ёки маълумотларни хатолик билан киритган фуқаролар 4-28 февраль кунлари бўлиб ўтган иккинчи босқичда қамраб олинди. Бу жараёнда маҳалла еттилиги вакиллари уйма-уй юриб, планшетлар орқали маълумотларни тўғридан-тўғри электрон платформага киритиб борди.

Статистика қўмитаси хабарига кўра, қўшимча турар жой объектлари, жумладан янги қурилган уй-жойлар ҳам аниқланди. Айрим хонадонларда аъзоларнинг вақтинча хорижда бўлиши ёки бошқа объектив сабаблар туфайли рўйхатга олишда қатнашиш имкони бўлмаган ҳолатлар ҳам қайд этилди.

Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкил этилган 1851 қисқа рақамли колл-марказ орқали фуқароларнинг қайта ўрганишга қўнғироқ қилишлари мумкин. Бу ҳолатда статистика органи ходимлари уларнинг хонадонларига бориб, рўйхатга олиш ишларини амалга оширади.

Халқаро стандартларга мувофиқ, маълумотларнинг аниқлиги ва сифати баҳоланиши учун рўйхатга олиш натижаларининг қайта текшируви ҳам ташкил этилади. Бунинг учун тасодифий танлаб олинган хонадонларга мутахассислар ташриф буюради. Одатда бундай текширувлар умумий қамровнинг ўртача 5-10 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда ҳам 10 фоизгача қамров асосида қайта ўрганиш режалаштирилган.

Агар 2026 йил март ойида статистика ходимлари қайта ўрганиш мақсадида хонадонларга ташриф буюрса, буни тўғри қабул қилиб, берилган қисқа саволларга аниқлик киритиш сўралади.

Барча маълумотлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади. Шахсий маълумотлар махфий сақланади ва фақат умумлаштирилган статистик кўринишда ишлатилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА