Тошкентда Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг навбатдаги 14-саммити бўлиб ўтмоқда.
Саммитда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.
Парламентлараро Иттифоқ ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман “Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш” мавзусига бағишланди.
Саммитнинг асосий мақсади – COVID-19 пандемияси ва у билан боғлиқ инқироз оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, барқарорлик ва фаровонликни самарали таъминлаш мақсадида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш бўйича парламентлар фаолиятининг устувор йўналишлари ва ҳаракатларини белгилашдан иборатдир.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу нуфузли анжуман иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева саммитни кириш сўзи билан очар экан, анжуман кун тартибидаги барча мавзулар ўта долзарб, дунё мамлакатларининг келажак тақдири учун катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида қайд этди. Анжуманда пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий ва иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш, уларни биргаликда амалга ошириш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаб олиш мақсад қилинган.

– Барқарор ривожланиш мақсадларининг самарали амалга оширилишини таъминлашда парламент алоҳида ўрин тутиши зарур. Шу нуқтаи назардан жорий йил 21 июнда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан янгидан қабул қилинган “БМТ, парламентлар ва Парламентлараро иттифоқнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида”ги резолюциясини қўллаб-қувватлаймиз, – деди Сенат раиси Т.Норбоева. – БМТ ва Парламентлараро иттифоқ ўртасидаги ўзаро яқин ҳамкорликни давом эттириш, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларининг уч тамойили, яъни иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар бўйича резолюциясида келтирилган тавсияларни амалга оширишда камарбаста бўламиз. Ушбу ҳужжатлар давлат тараққиётининг барча масалалари ва глобал муаммоларини ҳал қилишда гендер тенглигига эришиш ва аёллар етакчилигини таъминлашда устувор аҳамият касб этади.
Парламентлараро Иттифоқ раиси Дуарте Пачеко Тошкент саммити юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиқадиган хулосалар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада самаралироқ таъминлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.
Анжуман иши “Пандемиядан кейин глобал тикланишга тўсқинлик қиладиган хавфларни бартараф этиш” ҳамда “Технологиялар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш ва технологиялар оламида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни ҳимоя қилиш” мавзуларидаги иккита сессия доирасида ташкил этилди.
Биринчи сессияда иштирокчилар тенглик, инклюзивлик ва атроф-муҳит муҳофазасига асосланган барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан иқтисодиётни тиклаш, қизлар ва аёлларнинг, шу жумладан, репродуктив саломатлик соҳасидаги заифлигини камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар ҳамда COVID-19 пандемиясидан кейин иқтисодиётни тиклаш бўйича энг яхши амалиётларни муҳокама қилдилар.
Куннинг иккинчи ярмида давом этган иккинчи сессияда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ҳолда рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларни рағбатлантириш, миллий ва халқаро миқёсда рақамли тафовутни бартараф этиш учун амалга оширилаётган ташаббусларга эътибор қаратилди. Шунингдек, парламентларнинг аёллар ва қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини интернет оламида тарғиб қилиш ва ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.
Саммит 9 сентябрь куни ўз ишини давом эттиради.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА мухбири