English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда йилига 25 минг тоннадан зиёд асал етиштирилади
16:29 / 2022-05-20

20 май –Бутунжаҳон асаларилар куни

Физик олим Альберт Эйнштейннинг қайд этишича, одам кислородсиз уч минут, сувсиз уч кун, асалариларсиз эса тўрт йил яшай олар экан. Олимнинг бу фикри 1941 йил “Canadian Bee Journal” журналида эълон қилинган. 

Қайд этиш жоиз, асаларилар ҳалокати инсоният учун ўзининг даҳшатли оқибатларига кўра глобал ҳалокат – вулқон отилиши, метеорит тушиши ёки катта адрон коллайдерининг портлашидан кам бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси бир хил натижани беради. 

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2017 йил 16 октябрда давлатимиз раҳбарининг “Республикада асаларичиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Асаларичилик тармоғига алоҳида эътибор қаратилди. Орадан кўп вақт ўтмай БМТ Бош Ассамблеясида ҳам ушбу мавзу кун тартибига олиб чиқилди. Шундан сўнг, БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йилда 20 декабрдаги қарорига асосан 20 май куни “Бутунжаҳон асаларилар куни”, деб эълон қилинди. 

Ҳар йили ушбу санада кенг жамоатчиликнинг эътибори асаларилар ва бошқа чанглатувчиларнинг инсон ва сайёрамиз соғлиғини сақлашда тутган муҳим ўрнига қаратилади. 

Бутунжаҳон асаларилар кунида дунё бўйлаб ҳукуматлар, ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва барча фуқароларга чанглатувчилар ва уларнинг яшаш жойларини ҳимоя қилиш, уларнинг сони ва хилма-хиллигини ошириш, асаларичиларга ёрдам кўрсатиш ва асаларичилик соҳасини барқарор ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарурлиги яна бир эслатиб ўтилади. 

Маълумки, асаларилар ва чанглатувчиларни ҳимоя қилиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, инсон, ҳайвонлар, ўсимликлар ва атроф-муҳит саломатлиги ўртасида ўзаро боғлиқлик бор. Асаларичиликни ривожлантириш инсонлар ўртасида чидамлиликни оширади. Хусусан, келажакдаги пандемияларга қарши курашиш учун кучли иммунитет ҳосил қилади. Бундан ташқари яшил ўсимликлар дунёсини қўллаб-қувватлайди. 

Маълумки, асалари юз грамм нектар йиғиш учун миллионтача гулга қўнади. Бир килограмм асал тўплаш учун эса тахминан бир неча юз минг километр масофани босиб ўтади. Бу эса Ер шарини тахминан ўн марта айланиб чиқишга тенгдир. 

Шу билан бирга фанга маълум бўлган яна бир маълумот шуки, асалари ҳашаротлар ичида гул шираси (нектар) йиғадиган ягона жонзотдир. Бундан ташқари у гулларни, ўсимликларни чанглатувчи ҳам ҳисобланиб, асалари иштирокисиз улар мева бермаслиги айтилади. 

Бугунги кунда мамлакатимизда 20 мингдан ортиқ асалари субъектлари фаолият юритади. Шунингдек, 1,1 миллион асалари оилалари мавжуд. Шунингдек, 2021 йилда 300 мингдан зиёд асалари пакетлари экспорт килинган (180 фура), маҳаллий шароитда асаларичилик наслчилик хўжаликларида 1 миллион донадан зиёд она ари етиштирилган. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистонда йилига 25 минг тоннадан зиёд асал етиштирилади. Шундан 10 фоизи тоғ асали, 50-55 фоизи пахта асали, 30 фоизи чўл асали (янтоқ, оққурай, исириқ, каврак, қизилмия) ва 5-10 фоизи турли гуллар асалидан иборат. 

Ўзбекистонда асосан май ойининг охири ва июль ойигача чўл асали етиштирилади. Июнь-август ойлари пахта асали етиштирилади. Июль-сентябрь ойларида тоғ асали етиштирилади. 

Мамлакатимизда асаларидан нафақат асал олинади, бундан ташқари қишлоқ хўжалик экинлари ва мевали боғларни асаларилар билан чанглатиш агротехникасидан кенг фойдаланилади. Бунинг натижасида дарахтлардаги гулларни тўкилиб кетмасидан чангланишига (уруғланишига), ҳосилдорлигини ошишига эришилади. Асаларилар бир дарахтнинг гулидан бошқа бир дарахтнинг гулига қўниши ҳисобига меваларнинг сифати анча ошади, бир хил ва экспортбоп бўлишига эришилади. 

Бундан кўриниб турибдики, асаларилар инсон саломатлиги учун муҳим бўлган асал йиғиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалик экинларини чанглатиш жараёнида ҳам жуда муҳим роль ўйнар экан. 

Асаларичилик ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, қишлоқ хўжалик экинлари асаларилар ёрдамида чанглатилганда уларнинг ҳосилдорлиги 20-30 фоизга, мевали боғларнинг ҳосилдорлиги эса 2-3 баробарга, айрим мевалар ҳосилдорлиги эса 8-10 баробаргача кўпайишига эришилган. 

Қишлоқ хўжалигида мевали боғларни асаларилар билан чанглатиш агротехник тадбири Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманларида амалга оширилди. Илмий асосларга мувофиқ, гуллаш даврида 1,5 минг гектар боғга 7 минг 500 дан ортиқ асаларичилар чанглатиш учун жойлаштирилди. 

Жомбой туманидаги 90 гектарлик гилос экилган боғда ҳосилдорлик кутилганидан ҳам юқори бўлиб, мазкур боғдан 175 тонна гилос олинган бўлса, асаларилар билан чанглатилгандан сунг 900 тонна ҳосил олинди. Яъни асаларилар билан чанглатиш ҳисобига қўшимча 725 тонна ҳосил олишга эришилди. 

Тадбиркор томонидан мазкур боғни асаларилар билан чанглатиш учун сарфланган 8 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ эвазига 2 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча ҳосил олишга эришилди.  

Бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари қишлоқ хўжалиги экинлари ва мевали боғлардан энг юқори ҳосил олаётган давлат ҳисобланади. Бунинг энг асосий сабабларидан бири бу қишлоқ хўжалиги экинлари ва мевали боғларни асаларилар билан чанглатиш учун катта эътибор қаратади. Яъни, АҚШ ҳар йили асаларилар билан чанглатиш учун 1,7 миллиард доллар миқдорида хақ тўлаш ҳисобига қўшимча 40 миллиард долларлик қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилади. 

Худди шунингдек, Европа Иттифоқи давлатларида ҳам қишлоқ   хўжалиги экинларини чанглатишга жалб этилган ҳар бир асалари оиласига 40-60 евро тўланади. 

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда асаларичиликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Муҳими соҳада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш борасида изчил изланишлар олиб борилмоқда.  

   Шаҳноза Маматуропова, 
ЎзА мухбири