Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда яшил ва энергия тежамкор уй-жойлар бозори шакллантирилади
17:54 / 2025-09-23

Осиё тараққиёт банки томонидан ташкил этилган 5-Осиё молия форуми доирасида “Арзон ва экологик барқарор уй-жойларни ривожлантириш: сиёсат ва бозорлар” мавзусида сессия бўлиб ўтди.

Унда минтақавий ва халқаро молия институтлари, сиёсатчилар ҳамда асосий манфаатдор томонлар иштирок этиб, яшил молиялаштириш механизмларининг уй-жой қурилишида тутган ўрнини муҳокама қилди. 

Яшил ипотека, барқарорликка йўналтирилган кредитлар ва бошқа инновацион молиявий воситалар ёрдамида иқлимга чидамли ва энергия тежамкор уй-жойларни ривожлантириш бўйича тажрибалар алмашилди.

Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси Бош ижрочи директори Муроджон Фармонов Ўзбекистонда яшил молиялаштириш амалиётларини жорий этиш, ипотека бозорида инновацион механизмларни ривожлантириш ва барқарор уй-жой қурилиши йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Сессия давомида яшил молиялаштиришнинг қурилиш ва ипотека бозорини модернизация қилишдаги роли, ҳамда фуқаролар ва молия институтлари учун янги имкониятлар яратиши борасида кенг муҳокамалар олиб борилди. Шунингдек, Ўзбекистонда яшил ва энергия тежамкор уй-жойлар бозорини шакллантириш борасида фикрлар ўртага ташланди.

Ш.Маматуропова, ЎзА