Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) жорий йилга бўлган Ўзбекистоннинг ЯИМ истиқболли кўрсаткичларининг кўтарилиши ҳақида маълум қилди. Буни ҳисоблашда батафсил, кенг кўламли маълумотларга асосланган “ноукастинг” ёндашувидан фойдаланилган.
Марказ “ноукастинг” ёндашувига асосланган истиқбол моделидан 2021 йилдан бери фойдаланиб келади ва Ялпи ички маҳсулотнинг чораклик кўрсаткичларида аниқлаб бўлмайдиган алоҳида жиҳатларини очиб беришга имкон беради.
Маълум бўлдики, жорий йил учинчи чорагида ҳафталик ЯИМ динамикасининг ўсиш тенденцияси давом этмоқда. Бундай ҳолат жорий йилнинг иккинчи чорагида ҳам кузатилганди. 2022 йил 3- ва 4- чоракларида ўсиш тенденциясининг ортиб бориши 1-ярим йиллик кўрсаткичларига нисбатан йиллик ҳисобда ЯИМнинг камида 0,75 фоизга ошишига олиб келиши кутилмоқда.

1-чоракдаги сезиларли пасайишдан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ўсиши, хизмат кўрсатиш соҳасида ишбилармонлик фаоллиги ва давлат ёрдамининг ошганлиги билан боғлиқ. Хусусан, товар ва хизматлар ташқи савдо айланмаси августь ва сентябрь ойларида мос равишда 14 фоиз ва 12 фоизга ошди. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаоллик сезиларли даражада ўсган, бу “бизнес ва саноат” (14,5%га ўсиш) ва “дам олиш ва ҳордиқ” (9,7%) каби тоифалар бўйича интернет сўровлари кўпайганида акс этмоқда.
Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, 3-чорак якуни бўйича ЯИМ ўсиш прогнози 5,81 фоизни ташкил этмоқда (прогноз диапазони 5,78-5,83 даражасида белгиланди). Шу билан бирга, марказ прогнозига кўра, қисқа муддатда иқтисодий ўсишда сезиларли тебранишлар кутилмаяпти, чунки фундаментал иқтисодий омиллар барқарорлигича қолмоқда.
4-чоракда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари 2022 йилнинг 3-чораги даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда. Жорий йил август ойида шу йил учун марказ томонидан эълон қилинган аввалги ЯИМ ўсиши прогнози 5,77 фоиз эди.
ЎзА