Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда велосипед сотиб олиш учун ҳам олти ой навбат кутилган – тарих ва бугунги ўхшашлик
12:05 / 2022-02-09

Ушбу ҳаракатланиш воситасининг кундалик ҳаётимиздаги оддий буюмга айланиши осон кечмади.

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида велосипед янги транспорт турларидан бири сифатида XIX аср охиридан тарқала бошлади. 1895 йилга келиб Тошкентда Ҳаваскор велосипедчилар жамияти ташкил этилди. Унинг мақсади ўлкада велоспортни ривожлантириш билан бир қаторда, аҳоли ўртасида велосипеддан фойдаланувчилар сонини оширишдан ҳам иборат эди. Аммо айрим мутаассиб кишиларнинг ноўрин тарғиботлари туфайли маҳаллий аҳоли ундан анча муддат фойдаланмай юрди. Вақт ўтиб, барчаси изига тушди. Кишилар велосипеднинг қулай транспорт воситаси эканига амин бўлдилар. Қуйида у билан боғлиқ айрим қизиқарли воқеалар баён этилди. 


Ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийнинг ўғли Ҳабибулла Қодирийнинг қайд этишича, 1930 йиллар атрофида шоир Ғафур Ғулом Ригадан келтирилган велосипед миниб юрган. Ўша давр учун ўзгача кўринишга эга бўлган бу велосипед Абдулла Қодирий эътиборини ўзига тортган. Буни Ҳабибулла Қодирий қуйидагича хотирлаган эди: «Ғафур аканинг миниб келган велосипеди қандайдир янгича ҳашамли, никелланган, олдида чироғи бор эди (бундай чиройли велосипедни мен биринчи кўришим эди). Дадам велосипедга ишора қилиб, Ғафур акага дедилар: «Жуда бошқачасини топибсанку...» Ғафур ака жавобан: «Поччам Ригадан келтириб берди», деди».

Давлат ва сиёсат арбоби Акмал Икромовнинг ўғли Ургут Икромов ҳам ўттизинчи йиллар бошларига оид хотираларида велосипед билан боғлиқ воқеани ёдга олган: «Ўша йилларда Тошкентда велосипед пайдо бўлиб қолди. Ҳозирги ёшларнинг тушунишлари, эҳтимол, қийиндир, лекин у маҳалда велосипедли болаларга, ҳозир шахсий «Волга»си борларга қарагандай, ҳавасланиб қараларди. Ўша велосипед деган «жонвор» ҳам топилмас матоҳ эди. Аммо, ҳар қалай, бор эди. Ҳатто менинг баъзи бир ўртоқларим ҳам велосипед ҳайдаб юришарди. Мен бўлсам, бу тўғрида оғиз ҳам очолмасдим. Отам: «Тошкентда велосипед анқонинг уруғи ҳали!» дер эдилар. Ростдан ҳам, велосипед олиш учун магазинлардаги навбатга олти ой олдин ёзилиб қўйиларди».

Демак, бу вақтда ҳатто Тошкентда ҳам велосипед сотиб олиш муаммо бўлган. Ўша вақтда Республика бошқарувининг тизгинини тутиб турган Компартия биринчи котибининг ўғли томонидан ёзилган бу маълумот анча қизиқ. Ургут Икромовнинг яна хотирлашича: «Билмадим, агар москвалик Надя холам бўлмаганида, мен велосипеднинг дийдорини кўрган бўлармидим ё йўқми, Худо билади. Холам ўзи ишлаётган институтда навбатга ёзилиб, аста-секин пулини тўлаб-тўлаб, ахийри менга велосипед сотиб олиб юборган эди».

Энди совет давридаги айрим статистик хабарларни кўриб ўтсак. Расмий маълумотларга кўра, биргина 1937 йилнинг тўққиз ойи мобайнида Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида аҳоли томонидан 21 минг 131 дона велосипед харид қилинган. Статистик йилномада 1960 йилда ҳар 100 оиланинг 35,3 тасида; 1970 йилда 65 тасида; 1982 йилда эса 91 тасида велосипед ёки мопед бўлгани ёзилган. Албатта, мазкур рақамлар уларга танқидий таҳлил билан ёндашишни талаб этади.  

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ, ЎзА