Маълумки, бугунги кунда барча жабҳаларда рақамлаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Миллий метрология институти томонидан “Вақт ва частота эталони” яратилиши ҳам айни жараённинг узвий қисмидир.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда ўлчов бирлигини таъминлаш, миллий тизимни ривожлантириш ва такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишлар самараси ҳақида сўз борди. Вақт ва частота лабораторияси айни йўналишдаги йирик лойиҳалардан биридир.
Вақт ва частота эталони – халқаро бирликлар тизими (SI)даги вақт бирлиги сония (s)ни ҳосил қилиш тарифига асосан, 10-14 даража аниқликда сония, 10 MHz мос частотани ҳосил қилиш ва узатиш, республика миқёсида миллий вақт шкаласи UTC (UZ)ни ишлаб чиқиш ва тарқатиш учун мўлжалланган. Шу билан бирга эталон вақт ва частота ўлчов воситалари метрологик текширувини амалга ошириш, метрологик кузатилувчанликни таъминлашда ҳам қўлланади.
Қайд этилишича, аввал ҳам шунга ўхшаш текшириш жараёни кузатилган, бироқ аниқлик анча паст бўлган. Бу ҳолат вақт билан боғлиқ миллий ва халқаро даражадаги фаолиятда юзага келиши эҳтимоли мавжуд тафовут сабаб, барқарорликка тўсқинлик қилган.
Халқаро тажрибада ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида давлат даражасида “Вақт ва частота хизмати” жорий этилган. Ушбу хизмат нафақат аниқ вақт сигналини узатади, балки Халқаро ўлчов ва тарози бюросининг, Халқаро атом вақти гуруҳи аъзоси сифатида мувофиқлаштирилган универсал вақтини шакллантиришда муҳим ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, моддий-техника базасини янгилаш борасида жадал иш олиб борилмоқда. Хусусан, охирги 5 йил ичида эталонлар сони 2,5 баробар ортиб, 9 тадан 24 тага етказилди. Вақт ва частота хизматининг техник асоси ҳисобланган “Вақт ва частота эталони” олиб келинди.
[gallery-14418]
Ушбу вақт ва частота эталони Туркия миллий метрология институти (TUBITAK UME) ва Ўзбекистон миллий метрология институти ҳамкорлигида яратилиб, эталон учун махсус инфратузилмага эга лабораторияни ишга тушириш жараёни якунланди.
Мазкур эталон, вақт ва частота бирлиги ҳосил қилувчи 2 та сезий соати, глобал навигация тизими орқали вақт ва частота қийматини узатувчи ва қабул қилувчи махсус тизимдан ташкил топган.
– Инсоният ҳаётида, жамиятдаги барча соҳаларда ҳар бир дақиқанинг аниқлиги жуда муҳим, – дейди Ўзбекистон миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов. – Вақт ва частота бирлиги ноаниқлиги турли хил кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, банк-молия тизимида пул ўтказмаси вақтида амалга ошмаслиги ёки хатолик юз бериши, транспорт-логистика йўналишида рейслар вақтида юрмаслиги мумкин. Ахборот технологияси соҳасида ҳам ҳар бир дақиқанинг аниқлиги жуда муҳим. Аниқ вақт таъминланмаслиги техник жиҳатдан узилишга олиб келади. Вақтдаги хатолик истеъмолчи ёки хизмат кўрсатувчи ўртасида молиявий тафовутни юзага келтиради. Мамлакатимизда вақт ва частота эталони ишга туширилиши ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олади. Ўзбекистон миллий метрология институтида ҳосил қилинган вақт ва частота эталони вақт бирлигини ўн даража манфий 14 аниқликда ҳосил қилади. Аввалги мавжуд эталоннинг аниқлиги бир неча бор паст эди.
Дунё бўйича худди шундай лабораторияга эга 85 давлат вақтни доимий равишда синхронлаштириб боради. Бунинг натижасида халқаро вақт шкаласи юритилади.
Энди илк бор халқаро вақт шкаласига UTC UZ номи билан Ўзбекистон вақт шкаласи киритилади. Бу лаборатория МДҲ давлатлари орасида тўртинчи ҳисобланади. Тўғри, вақт ва частота ҳосил қилиш бир иш, аниқлик ва доимийликни сақлаб қолиш ва абонентларга етказиб бериш эса масаланинг энг муҳим жиҳатидир.
Тадбир доирасида ташкил этилган семинарда алоқа, рақамлаштириш, банк, логистика аэронавигация, космос, мобиль ва интернет операторлари вакиллари иштирок этиб, соҳага оид қатор долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилишди.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА