Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистонда валюта айланмаси кескин ошди
14:07 / 2026-02-06

Марказий банк 2025 йил якуни бўйича ички валюта бозори шарҳини тақдим этди.

2025 йил Ўзбекистон ички валюта бозори инфратузилмасида муҳим таркибий ўзгаришлар фонида чет эл валютаси билан боғлиқ операцион фаолликнинг ўсиши кузатилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йил якунида Ўзбекистон ички валюта бозорида чет эл валютаси билан боғлиқ операциялар ҳажми сезиларли даражада ошди. Хусусан, жисмоний шахслар томонидан тижорат банкларига 21,7 млрд. доллар сотилиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,3 баробарга ўсди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2024 йилда 16,1 млрд. долларни ташкил этган. Шу билан бирга, аҳоли банклардан 12,0 млрд. доллар сотиб олган бўлиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 27 фоизга ошди, 2024 йилда 9,4 млрд. долларни ташкил этди.

Марказий банк томонидан қайд этилишича, 2025 йилда ички валюта бозори инфратузилмасини такомиллаштириш, конвертация амалиётларини соддалаштириш ҳамда бозор механизмларини чуқурлаштиришга қаратилган ислоҳотлар валюта айланмасининг ошишига ижобий таъсир кўрсатган. Экспорт тушумлари, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, ташқи қарз маблағлари ва халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши хорижий валюта таклифининг кўпайишига олиб келган асосий омиллардан бўлди.

Юридик шахслар кесимида, 2025 йилда чет эл валютасига бўлган талаб 24 фоизга ошган бўлса, валюта таклифи 36 фоизга ўсган. Экспорт тушумлари ҳисобидан шаклланган валюта таклифи 18 млрд. долларни ташкил этиб, шундан 9,8 млрд. доллари ёки 40 фоизи ички валюта бозорида сотилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,6 млрд. долларга ёки 19 фоизга кўп.

Марказий банк расмий изоҳида қайд этилишича, 2025 йилда банклар томонидан жалб қилинган хорижий кредитлар ҳисобидан ички валюта бозорига 9,7 млрд. доллар киритилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 69 фоизга ўсган. Импортни молиялаштиришда эса конвертация қилинган маблағлар улуши 63,7 фоизни ташкил этган.

Жисмоний шахслар бўйича умумий ҳисобда, 2025 йилда аҳоли томонидан таклиф этилган хорижий валюта ҳажми унга бўлган талабдан 9,7 млрд. долларга юқори бўлди. Марказий банкка кўра, бу аҳолининг валютани банк тизими орқали расмий равишда сотишга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.

Шунингдек, аҳолининг банкларга валюта сотишида асосий манба бўлиб қолган халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга 18,9 млрд. доллар келиб тушган. Бу 2024 йилга нисбатан 28 фоизга ёки 4,1 млрд. долларга кўп. Айни пайтда, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатдан чиқиб кетган валюта маблағлари 2,6 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 138 млн. долларга камайган.

Марказий банкнинг таъкидлашича, мазкур кўрсаткичлар ички валюта бозорида барқарорлик сақланаётгани ҳамда валюта таклифи ва талаби ўртасидаги мутаносиблик таъминланаётганини кўрсатади.

Ш.Маматуропова, ЎзА